Logo

Анқарада Навоий таваллудининг 585 йиллиги юксак савияда нишонланди

Февраль 16, 2026. 09:41 • 3 дақ

56
Анқарада Навоий таваллудининг 585 йиллиги юксак савияда нишонланди
Анқарада Навоий таваллудининг 585 йиллиги юксак савияда нишонланди
Анқарада Навоий таваллудининг 585 йиллиги юксак савияда нишонланди
Анқарада Навоий таваллудининг 585 йиллиги юксак савияда нишонланди
Анқарада Навоий таваллудининг 585 йиллиги юксак савияда нишонланди

АНҚАРА, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид бошчилигидаги делегация Анқара шаҳрида бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида қатор маданий ва илмий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, Кечиорен тумани Гюмюшдере Ихламур боғидаги Алишер Навоий ҳайкали пойида тантанали гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котиби Султон Раев, Кечиорен тумани ҳокими биринчи ўринбосари Атила Зорлу, дипломатик корпус вакиллари, олимлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Навоийни туркий дунё маънавий бирлигининг рамзи сифатида эътироф этди. Султон Раев Навоий мероси халқларни яқинлаштирувчи кучли маънавий асос эканини таъкидлади. Маросим давомида олимлар томонидан Навоийнинг ғазал ва шеърларидан намуналар ўқилди.

Делегация аъзолари ТУРКСОЙ ташкилотида “Турк адабиётининг буюк намоёндаси – Алишер Навоий” мавзусидаги хотира дастурида иштирок этди. Тадбирда Қозоғистоннинг Анқарадаги элчиси Еркебулан Сапиев ва Туркманистоннинг Анқарадаги элчиси Мекан Ишангулиев ҳам қатнашди.

Учрашувда Навоийнинг умумтуркий маданий мерос сифатидаги ўрни ва унинг асарлари бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этишини алоҳида қайд этилди. Анқара университети Тарих ва тил факультети профессори, туркманистонлик олим Берди Сариев “Туркманистон адабиётидаги Алишер Навоийнинг ўрни” мавзусида маъруза қилиб, Навоий ижодининг туркман адабиётига таъсири ва умумий адабий анъаналардаги ҳиссаси ҳақида гапирди.

“Алишер Навоий ва Турк дунёси” мавзусидаги илмий-маърифий панель сессияси Анқара Ижтимоий билимлар университетида юқори савияда ташкил этилди. Мазкур анжуман Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида бўлиб, туркий халқларнинг муштарак адабий ва маънавий меросини чуқурроқ англаш, уни замонавий нуқтаи назардан таҳлил қилишга бағишланди.

Сессия аввалида иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ва спичрайтери Хайриддин Султоновнинг видеомурожаати намойиш этилди. У ўз табригида буюк мутафаккирлар хотирасини асраб-авайлаш, улар қолдирган маънавий меросни ёш авлодга етказиш ҳар бир миллатнинг муқаддас бурчи эканини таъкидлади.

Панель муҳокамалари давомида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Илҳом Ҳайдаров сўзга чиқиб, Навоийнинг бой адабий мероси, туркий тил ва адабиёт тараққиётида тутган ўрни, унинг давлатчилик ва юксак ахлоқий қарашлари ҳақида атрофлича фикр билдирди. Элчи ўз нутқида Навоийнинг “Хамса”си ва ғазаллари туркий тилнинг нуфузини ошириш, уни илм-фан ва бадиий ижод тили сифатида мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этганини эътироф этди.

Муҳокамалар жараёнида ташриф буюрган ўзбек ва турк олим-тадқиқотчилар ўз маърузалари билан иштирок этиб, Навоий ижодининг тилшунослик, адабиётшунослик ва тарихий-фалсафий жиҳатларини кенг қамровда таҳлил қилди. Савол-жавоблар қисми жонли ва мазмунли руҳда ўтиб, иштирокчилар ўртасида самарали фикр алмашинувига замин яратди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш