Ўзбекистон ва Германия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашмоқда

Октябрь 07, 2026. 15:58 • 2 дақ

• 87
Ўзбекистон ва Германия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашмоқда

БЕРЛИН, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонасида ГФРнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида Берлинда бўлиб турган Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси делегацияси иштирокида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов делегация аъзолари билан мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, Германиянинг институционал ва амалий тажрибасини ўзлаштириш ҳамда икки мамлакатнинг тегишли тузилмалари ўртасидаги касбий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Мулоқот чоғида молиявий ва рақамли хизматлар жадал ривожланаётган шароитда истеъмолчилар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, аҳолини холис ҳамда тушунарли ахборот билан таъминлаш, мурожаатларни самарали кўриб чиқиш, низоларни суддан ташқари ҳал этиш ва молиявий саводхонликни ошириш ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Сафар дастурида рақамли бозорларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш, низоларни суддан ташқари ҳал этиш, ортиқча қарздорликнинг олдини олиш ҳамда ижтимоий жиҳатдан заиф истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, давлат органлари, молиявий назорат институтлари, мустақил ташкилотлар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги яқин ҳамкорлик механизмларини ўрганиш кўзда тутилган. Олинган тажриба асосида уни Ўзбекистон шароитига мослаштириш, мурожаатлар билан ишлаш, бозор мониторинги ва молиявий саводхонлик механизмларини такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилади.

Берлиндаги дастур доирасида соҳавий ташкилотлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ва тажриба алмашиш тадбирлари давом этмоқда. Мазкур амалий сафар республикамизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими салоҳиятини янада ошириш, мутахассислар малакасини мустаҳкамлаш ва немис ҳамкорлари билан алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш