Туркия Ўзбекистон экспорти учун янги логистика йўналишини таклиф этмоқда

Октябрь 06, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 150
Туркия Ўзбекистон экспорти учун янги логистика йўналишини таклиф этмоқда

АНҚАРА, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида жорий йил 17–21 октябрь кунлари “LimakPort” порти вакилларининг юртимизга ташрифи режалаштирилган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Транспорт вазирлиги, Божхона қўмитаси ва ишбилармон доиралар вакиллари билан турли учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Асосий эътибор “LimakPort” порти имкониятлари тақдимоти ҳамда логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича муқобил йўналишларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилишга қаратилади.

Учрашувлар чоғида Туркия томони портнинг инфратузилмаси ва хизмат турларини тақдим этиши, муайян турдаги юкларни ташиш, ҳамкорлик шартлари ҳамда логистика харажатларини мақбуллаштириш чоралари кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

“LimakPort” – Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги контейнер порти бўлиб, тўғридан-тўғри темир йўл уланишига эга. 2025 йилда контейнер айланмаси 590 минг TEUни ташкил этган. Порт контейнерларни юклаш ва бўшатиш, божхона омборларида сақлаш, совуткичли омборлар ва рефрижератор контейнерларга хизмат кўрсатиш имкониятларига эга.

Бу эса мазкур портдан Ўзбекистондан тайёр маҳсулотларни экспорт қилишда ҳам, импорт юкларини етказиб беришда ҳам фойдаланиш имконини беради.

Шу билан бирга, “LimakPort” инфратузилмаси тўқимачилик маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечак экспортчилари, асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар импортчилари учун ҳам қулай имкониятлар яратиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш