Ўзбекистон–Россия маданий ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгилаб олинди
Октябрь 06, 2026. 21:25 • 2 дақ
• 113МОСКВА, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Россия ўртасида ижтимоий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида икки давлат маданият вазирлари – Озодбек Назарбеков ва Ольга Любимова бошчилигида Маданият бўйича комиссиянинг олтинчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда икки давлат маданият вазирлари ўринбосарлари Андрей Малишев ва Одилжон Абдуқаҳҳоров, мамлакатимизнинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ҳамда бошқа соҳа мутахассислари иштирок этди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни тизимли равишда ривожлантириш, ижодий жамоалар алмашинувини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни кўпайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Таълим соҳасида ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Айни пайтда Россияда 335 нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил олмоқда. Тошкентда Бутунроссия давлат кинематография институти филиали фаолият юритмоқда.
Мулоқот жараёнида ўзаро ҳамкорликдаги театр ва концерт гастроллари кенгаяётгани таъкидланди. “Катта гастроллар” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон театрлари Россия ҳудудларида спектакллар намойиш этмоқда. Красноярскда Навоий номидаги Давлат академик Катта театри жамоасининг чиқишлари режалаштирилган.
Томонлар кино соҳасида қўшма фильмлар ишлаб чиқариш, продюсерлар учун форум ўтказиш ва кино асарларини реставрация қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Мажлис давомида вазирлар томонидан икки мамлакат хореография академиялари ўртасида қўшма дастурлар ва академик мобилликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди. Шу билан бирга, келгуси йил учун ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

