II Ўзбекистон-Покистон виртуал туризм форуми иштирокчилари ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича келишиб олдилар

Август 22, 2026. 12:16 • 3 дақ

110
II Ўзбекистон-Покистон виртуал туризм форуми иштирокчилари ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича келишиб олдилар

ИСЛОМОБОД, 22 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида II Ўзбекистон–Покистон виртуал туризм форуми ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси, икки мамлакат дипломатик ваколатхоналари раҳбарияти, етакчи сайёҳлик агентликлар, туроператорлар, авиакомпаниялар ва меҳмонхона бошқаруви вакиллари иштирок этди.

Форум Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг кириш нутқи билан очилди. Дипломат Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, мазкур ижобий динамика туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратаётганини қайд этди.

Икки мамлакат халқлари ўртасидаги тарихий ва маданий ришталар, Буюк Ипак йўли, Бобурийлар мероси, умумий маънавий қадриятлар ушбу соҳадаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил сифатида хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари алоҳида тақдимот ўтказди. Унда мамлакатимизда сўнгги йилларда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, туристик инфратузилмани ривожлантириш, янги туристик мажмуалар барпо этиш, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасини модернизация қилиш, хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистоннинг маданий-тарихий, зиёрат, гастрономик, экологик, тоғ-чанғи ва бошқа туризм йўналишлари билан бир қаторда MICE-туризм соҳасидаги салоҳиятига эътибор қаратилди. Замонавий меҳмонхоналар, конгресс марказлари ва халқаро тадбирларни ўтказишга ихтисослашган мажмуалар барпо этилгани, хусусан, «Silk Road Samarkand», «Arda Khiva» каби замонавий инфратузилмалар халқаро конференциялар, кўргазмалар, корпоратив анжуманлар ва бошқа MICE тадбирларини ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратиши қайд этилди.

Таъкидланганидек, зиёрат туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, Имом Бухорий мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази, «Amirsoy», «Zomin» ва «Bildirsoy» каби замонавий тоғ-чанғи курортлари хорижий сайёҳларда катта таассурот қолдирмоқда.

 Сўнгги икки йил ичида Тошкентдан Исломобод ва Лаҳор шаҳарларига 6 та тўғридан-тўғри ва мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани, жорий йил 3 сентябрь санасидан бошлаб эса «Centrum Air» авиакомпанияси томонидан «Тошкент-Карачи-Тошкент» йўналишида ҳам парвозлар очилиши урғуланди.

Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси Афтаб Рана ўз маърузасида, Покистон ҳукумати Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатимиз тажрибаси ўрганишга катта қизиқиш билдираётганини билдирди.

Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм бренди элчиси Ҳамид Маҳмуд сўнгги йилларда Ўзбекистон туризм соҳасида, жумладан Покистон билан ҳамкорликни ривожлантириш катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.

Форум якунида иштирокчилар томонидан туристик маҳсулотларини ўзаро тарғиб қилиш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш, зиёрат туризми, MICE ва бизнес-туризми йўналишларини ривожлантириш, туристик компаниялар ўртасида B2B шаклидаги учрашувларни уюштириш таклифлари қўллаб-қувватланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш