Президент Шавкат Мирзиёев 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси қатнашчиларига иштирокчиларига табрик йўллади
Сентябрь 15, 2026. 20:15 • 4 дақ
• 41
(2026 йил 15 сентябрь)
Ҳурматли Олимпиада иштирокчилари!
Азиз меҳмонлар!
Дунё шахмат спортининг ёрқин намояндалари бўлган сиз, азизларни қадимий ва меҳмондўст Ўзбекистон заминида илк бор ўтказилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ер юзидаги 200 дан зиёд мамлакатдан ташриф буюрган таниқли гроссмейстерлар, мураббийлар ва шахмат ихлосмандлари иштирок этаётган ушбу нуфузли спорт анжумани уч минг йилдан ортиқ тарих ва маданият намуналарини ўзида мужассам этиб келаётган кўҳна Шарқ дурдонаси – азим Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани байрам шукуҳини янада оширмоқда. Ва ўйлайманки, сизлар ҳам буни сезиб, ҳис қилиб турибсиз.
Бугун бамисоли дунё шахмат спорти пойтахтига айланган бу улуғ шаҳарга, жонажон Ўзбекистонимизга хуш келибсиз!
Қадрли дўстлар!
Энг қадимий интеллектуал спорт ўйинларидан бири бўлган шахмат бизнинг мамлакатимизда ҳам ўзининг шонли ўтмиши, мактаб ва анъаналарига эга.
Айниқса, мана шу Самарқанд шаҳрини ўзи асос солган буюк давлатнинг пойтахти ва Иккинчи Ренессанс марказларидан бирига айлантирган Соҳибқирон Амир Темур нафақат стратегик фикрлайдиган енгилмас саркарда, балки моҳир шахмат устаси ҳам эди.
Буюк аллома боболаримиз – Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий ва бадиий асарларида шахматнинг инсон маънавий камолотидаги ўрни алоҳида таъкидланган.
Биз, ана шундай тарихий анъаналарга содиқ қолган ҳолда, Янги Ўзбекистонда бошқа спорт турлари қатори шахматни ҳам “оммавийликдан – профессионалликка” тамойили асосида энг қуйи бўғин – маҳалладан тортиб, таълим муассасаларигача ривожлантиришга аҳамият бермоқдамиз. Юртимизда бу борада ҳам янги авлод иқтидор эгаларини тарбиялашга қаратилган яхлит тизим шаклланмоқда.
Бугунги кунда шахмат билан оммавий шуғулланувчилар 2 миллион нафардан, рейтингга эга бўлган профессионал шахматчиларимиз сони эса 6 минг нафардан зиёдни ташкил этмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимизда халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлган 32 нафар шахматчимиз борлигини фахр билан қайд этамиз.
Эътиборли жиҳати шундаки, 5 нафар етакчи шахматчимиз жаҳон рейтингидаги “энг кучли юзталик”дан мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда.
Ўзбекистон эркаклар жамоаси ФИДЕ рейтингида 204 та давлат орасида 8-ўринга, аёллар жамоаси эса 20-ўринга кўтарилгани ҳам диққатга сазовордир.
Мамлакатимиз терма жамоасининг 2022 йилда 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби бўлгани, 2024 йилги Олимпиадада совриндорлар сафидан жой олгани, истеъдодли гроссмейстерларимиз нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани, ҳеч шубҳасиз, миллий шахмат спортимиз тарихида янги саҳифалар очмоқда.
Айниқса, навқирон гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоровнинг жаҳон чемпионлиги учун даъвогарлар турнирида ғолиб бўлиб, жаҳон кубогини қўлга киритгани, Нодирбек Абдусатторовнинг блиц бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлгани, ёш шахматчиларимиз халқаро чемпионатларда юксак ўринларни эгаллаётгани бизга чексиз ғурур бағишлайди.
Муҳтарам меҳмонлар!
Ўзбекистонга 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилиш ҳуқуқи берилганини биз халқаро спорт ҳамжамиятининг юртимизга бўлган юксак ишончи сифатида қабул қиламиз.
Самарқанд олимпиадаси қизғин беллашувлар, юксак спорт маданияти, ҳалоллик ва ўзаро ҳурмат руҳида ўтади ва дунёга янги чемпионлар ва ёрқин истеъдодларни тақдим этади деб ишонаман.
Айни вақтда бу ерда 3-парашахмат олимпиадаси ва 97-ФИДЕ конгрессини юқори савияда ўтказиш бўйича ҳам барча шароитлар яратилди.
Бу борадаги катта ташкилий ва амалий кўмаги, яқин ҳамкорлиги учун Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) раҳбарияти ва жамоасига, шунингдек, барча ҳамкор ташкилотларга самимий миннатдорлик билдираман.
Ишончим комил, мазкур йирик спорт анжуманлари дунё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Улар Ўзбекистонда шахматни янада оммалаштириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Қадрли дўстлар!
Бундай йирик мусобақалар бизнинг халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун катта байрам, улкан маҳорат мактабига айланиши, мамлакатимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик диёри сифатидаги халқаро обрў-эътиборини янада оширишига аминман.
Бугунги олимпиада дунё ёшларига муҳим бир ҳақиқатни намоён этмоқда: инсониятнинг умумий келажаги куч эмас – ақл ва билим, адоват эмас – дўстлик ва ҳамжиҳатлик, бефарқлик эмас – эзгу мақсадлар йўлидаги қатъият асосида бунёд этилади.
Спорт қандай буюк куч, қандай юксак намуна эканини бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган сиз, ҳурматли спортчилар, фахрийлар, устоз ва мураббийлар яхши биласиз.
Ана шундай ғоят масъулиятли ва шарафли ишда фаол иштирок этиб келаётган сиз, азизларга мустаҳкам соғлиқ, барча жамоаларга ютуқ ва омадлар, конгресс ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Барчангизга зафар ёр бўлсин, Ўзбекистонга хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси