“Sayeh”: Ўзбекистон – буюк тарих ва замонавий туризм уйғунлашган маскан
Сентябрь 15, 2026. 20:03 • 2 дақ
• 68АР-РИЁЗ, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Саудиянинг “Sayeh” сайёҳлик порталида Ўзбекистоннинг ноёб тарихий-маданий мероси ва замонавий туризм инфратузилмасининг жадал ривожланишини ёритувчи мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи остида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Буюк Ипак йўли дурдонасига алоҳида эътибор қаратилган.
Регистон майдони ансамбли, Гўри Амир мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Бибихоним масжиди ва Шоҳи Зинда мажмуасига алоҳида тўхталиб ўтилган. Ноёб қадимий меъморчилик ва мовий сирланган мозаикалар жаҳон илм-фани, сиёсати ва санъати тараққиёти хотирасини ўзида сақлаб қолгани таъкидланган.
Шу билан бирга, меҳмонхоналар тизими, транспорт логистикаси ва хизмат кўрсатиш соҳасининг жадал ривожланиши сайёҳларга янада кенг қулайликлар яратаётгани қайд этилган.
“Ўзбекистондаги ажойиб сайёҳлик таассуротлари” сарлавҳали мақолада мамлакат бўйлаб туристларга берилаётган эътибор хусусида сўз юритилган.
Ўзбекистон меҳмонларига Самарқандга ташриф, Бухоро ва унинг Пойи Калон ансамбли, Арк қалъаси, Хивадаги очиқ осмон остидаги Ичан қалъа музейига саёҳатлар уюштириш тавсия этилган. Пойтахт Тошкент маршрутни мегаполис ритми ва метрополитен архитектураси билан бойитса, Зомин ва Тянь-Шань тоғли ҳудудлари экотуризм учун кенг имкониятлар очади.
Ўзбекистон йўналишининг асосий жозибадорлиги буюк ўтмиш ва замонавий шаҳарларнинг кундалик ҳаёти уйғунлашганидадир. Юқори даражадаги меҳмондўстлик, палов тайёрлаш анъаналарига эга ўзига хос миллий ошхона, шарқона бозорлар шукуҳи ва ривожланаётган ҳунармандчилик устахоналари саёҳатга чинакам маҳаллий руҳ бағишлайди.
Инфратузилманинг тизимли модернизация қилиниши, жойлаштириш имкониятларининг кенгайиши ва қулай транспорт алоқалари Ўзбекистонни тарихни ўрганиш, маданиятни ҳис қилиш ва табиат қўйнида дам олишни уйғунлаштиришни истаган халқаро сайёҳлар учун идеал масканга айлантирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

