Майнцда Ўзбекистон иштирокида 51-халқаро маданиятлар фестивали бўлиб ўтди
Сентябрь 15, 2026. 19:44 • 2 дақ
• 63МАЙНЦ, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Майнц шаҳрида турли миллат вакилларини маданий мулоқот, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида бирлаштирган 51-халқаро маданиятлар фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида “Дўппи” ўзбек-герман маданий жамияти томонидан Ўзбекистоннинг миллий стенди ташкил этилиб, у ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Стендда мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданий мероси, миллий анъана ва қадриятлари, амалий санъати, ҳунармандчилиги, миллий таомлари ҳамда замонавий тараққиётига бағишланган маълумотлар ўрин олди.
Германияда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Меҳмонларга Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкент каби қадимий шаҳарлар, уларда жойлашган тарихий ва меъморий обидалар ҳамда Буюк ипак йўли билан боғлиқ туристик йўналишлар ҳақида атрофлича сўзлаб берилди.
Немис ташриф буюрувчиларига, шунингдек, туризм соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий туристик инфратузилмани ривожлантириш, янги йўналишларни яратиш ва хорижий саёҳатчилар учун яратилаётган қулай шароитлар тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Миллий стендда Ўзбекистоннинг гастрономик мероси ҳам салмоқли ўрин эгаллади. Меҳмонларга мамлакатимизнинг туристик жозибадорлигини оширувчи муҳим омиллардан бири сифатида анъанавий ўзбек палови, сомса, нон ва бошқа миллий таомлар ҳақида маълумот берилди.
Фестивалда Германияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳам фаол иштирок этиб, миллий маданиятимиз, урф-одат ва анъаналаримизни кенг намойиш этдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


