“Arena” журнали: Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги визасиз режим ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтармоқда
Август 17, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 61ПЕКИН, 17 август. /“Дунё” АА/. Хитойнинг оммабоп “Arena” сайёҳлик журналида Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳиятини акс эттирувчи мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, хитойлик сайёҳлар учун Ўзбекистон бугунги кунда Буюк Ипак йўлининг тарихий мероси ва замонавий туристик имкониятлари мукаммал уйғунлашган бетакрор манзилга айланмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги кенгайиб бораётган иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик, виза режимининг либераллаштирилиши ҳамда маданий алмашинувнинг фаоллашуви бу тарихий алоқаларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой қисқа муддатли сафарлар учун ўзаро визасиз режимни жорий этиш орқали туризм соҳасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Бунинг натижасида Хитойдан келаётган сайёҳлар оқими 3,5 бараварга ошди. Ушбу тенденция Ўзбекистон туризм бозорининг Осиё минтақасидаги жозибадорлиги тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Мақолада ёзилишича, Самарқанд ҳақли равишда дунёнинг асосий маданий рамзларидан бири ҳисобланади. Улуғвор мадрасалари ва нафис кошинлари билан ажралиб турувчи Регистон майдони Темурийлар Ренессанси даврини ва шаҳарнинг цивилизация маркази сифатидаги жаҳоншумул аҳамиятини акс эттиради.
Бухоро эса “Очиқ осмон остидаги музей” мақомини сақлаб келмоқда. Бу ерда ўрта асрлар Марказий Осиё муҳитини ҳис қилиш имконини берувчи юзлаб меъморий обидалар, мадрасалар, масжидлар, миноралар мужассамлашган.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ичан-Қалъа Хивадаги ноёб тарихий намуна бўлиб, меҳмонларда вақт бўйлаб саёҳат таассуротини уйғотади.
Меъморий обидалардан ташқари, Ўзбекистон бой номоддий маданий меросни ҳам асраб келмоқда. Ипакчилик, сополчилик, каштачилик, миниатюра санъати, ёғоч ва металл ўймакорлиги каби анъанавий ҳунармандчилик турлари фаол ривожланмоқда. Сайёҳлар устахоналарга ташриф буюриб, маҳсулотларнинг яратилиш жараёнини бевосита кузатишлари мумкин.
Буюк Ипак йўлининг умумий тарихий хотирасига асосланган ўзаро ҳамкорлик туризм, маданият, таълим ва бизнес соҳаларида жадал ривожланмоқда. Виза тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши ва тўғридан-тўғри авиақатновлар географиясининг кенгайиши сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


