Ўзбекистон Президенти сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди

Август 17, 2026. 14:38 • 2 дақ

35
Ўзбекистон Президенти сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди

ТОШКЕНТ, 17 август. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Урганч туманидаги “Тилло домор” корхонасининг янги ишлаб чиқариш мажмуасида сутни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатида қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг имкониятлар яратилган.

Хоразм вилояти сут етиштириш салоҳияти юқори ҳудудлардан бири. Мазкур имкониятдан самарали фойдаланиб, чорвачиликни ихтисослаштириш ва сутни саноат усулида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Тилло домор” корхонасининг умумий қиймати 11 миллион доллар бўлиб, йилига қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона Болгариядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.

Шунингдек ўқинг

Бу ерда пишлоқ, қаймоқ, сметана, творог, қатиқ, кефир каби 70 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Хомашё ҳар куни 100 дан зиёд фермер хўжалиги ва аҳолидан харид қилинади. Бу, ўз навбатида, чорвачилик билан шуғулланаётган аҳоли учун барқарор сотув бозорини яратишга хизмат қилмоқда.

Корхонада 120 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш мажмуасида 100 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Келгусида яна 100 та янги иш ўрни ташкил этиш, маҳсулот турларини кўпайтириш режалаштирилган.

Бугунги кунда вилоятда 1 минг 200 га яқин қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда.

Президентимиз маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бундай корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш, маҳсулот турлари ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга бу борадаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш