26 октябрдан Тошкент–Исломобод йўналишида қўшимча рейслар йўлга қўйилади
Октябрь 21, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 94
ИСЛОМОБОД, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 26 октябридан бошлаб “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси Тошкент ва Исломобод шаҳарлари ўртасида қўшимча мунтазам авиақатновларни йўлга қўяди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳозирда “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси “Тошкент–Исломобод–Тошкент” йўналишида ҳафтасига икки марта – сешанба ва шанба кунлари парвозларни амалга оширмоқда. 26 октябрдан бошлаб авиақатновлар жадвалига ўзгартириш киритилиб, рейслар душанба, чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Қўшимча авиақатновларнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги йўловчи ташиш имкониятларини кенгайтириш, сайёҳлар, тадбиркорлар ва транзит йўловчилар учун янада қулай шароит яратишга қаратилган.
Янги жадвал йўловчиларга сафарларини режалаштиришда кўпроқ танлов имконини беради. Натижада икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик, туризм ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар юзага келади.
Янги авиақатновлар Покистондан Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда мамлакатимизнинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, Буюк ипак йўлининг муҳим марказлари бўлган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳат қилиш истагидаги сайёҳлар учун транспорт имкониятлари кенгаяди.
Шунингдек, Тошкентнинг минтақавий транспорт маркази сифатидаги аҳамияти ортиб, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига йўналтирилган сайёҳлик сафарларини ташкил этиш учун ҳам қўшимча имкониятлар пайдо бўлади.
2025 йилда Покистондан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 20 минг нафардан ошган. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса ушбу кўрсаткич қарийб 20 минг нафарни ташкил этди. Бу рақамлар икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини янада ривожлантириш учун муҳим салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Тошкент–Исломобод йўналишида авиақатновлар сонининг оширилиши Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини рағбатлантириш ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига жами 8 та мунтазам авиарейс амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент–Лаҳор йўналишида ҳафтасига 4 та, Исломобод–Тошкент йўналишида 2 та ва Тошкент–Карачи йўналишида 2 та рейс қатнамоқда.
Янги қўшимча авиақатновнинг йўлга қўйилиши билан Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги авиақатновлар сони ҳафтасига 9 тага етади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси