Ўзбекистон Президенти Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентини қабул қилди

Июнь 18, 2026. 14:43 • 2 дақ

64
Ўзбекистон Президенти Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар дастурини амалга ошириш доирасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенг кўламли шерикликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ушбу етакчи кўп томонлама молиявий институт билан стратегик шериклик бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам юқори даражада экани катта мамнуният билан қайд этилди.

Бугун Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади. Устувор йўналишлардаги лойиҳаларнинг умумий портфели 7 миллиард доллардан ошди. Инвестицияларнинг катта қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Экологик транспортни ривожлантириш, темир йўл инфратузилмасини рақамлаштириш, тадбиркорлик, ипотека бозори ва мамлакат стартаплар экотизимини қўллаб-қувватлаш соҳаларида янги келишувлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш кўламини кенгайтириш, жумладан, экспортни молиялаштириш, аёллар ва ёшларни бизнес юритишга ўқитиш дастурларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш ҳамда банк-молия секторини трансформация қилиш жараёнларида иштирок этиш ва бошқа йўналишлар устувор этиб белгиланди.

Таълим, соғлиқни сақлаш ва транспорт инфратузилмаси соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш бўйича режалар қўллаб-қувватланди.

Лойиҳаларни тайёрлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда уларни амалга ошириш самарадорлигини яхшилаш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертларини жалб этишдан манфаатдорлик билдирилди.

Хорижий инвесторлар кенгашининг бўлажак тўртинчи йиғилиши кун тартиби ҳам кўриб чиқилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш