Роза Саид: Инвесторлар Ўзбекистонни имкониятлар мамлакати сифатида тобора кўпроқ эътироф этмоқда
Июнь 18, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 97
ТОШКЕНТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашаётган “London Post” халқаро нашри бош муҳаррири Роза Саид “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди:
– Тошкент халқаро инвестиция форумида яна бир бор иштирок этиш мен учун катта шараф ва ажойиб имкониятдир. Мен ушбу тадбирга учинчи маротаба ташриф буюрмоқдаман ва ҳар бир ташрифимда Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларнинг кўламига янада кўпроқ амин бўлмоқдаман. Ҳар гал бу ерга келганимда, мен мамлакатдаги реал ўзгаришлар ва изчил тараққиётнинг гувоҳи бўлаяпман.
Ўзбекистон раҳбариятининг аҳоли турмуш сифатини ошириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда халқаро стандартларга мос хизматлар кўрсатишга йўналтирилган стратегик қарашлари алоҳида эътиборга сазовордир. Бу иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз аксини топаётган олдинга ташланган жиддий қадамдир.
Форумнинг ўзи нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, унинг аҳамияти минтақа доирасидан анча кенг, зеро, у бутун дунё давлатлари, бизнес ва инвесторлар ўртасидаги мулоқот учун самарали халқаро майдонга айланиб бормоқда. Форум йилдан-йилга халқаро миқёсдаги энг муҳим инвестициявий тадбирлардан бири сифатидаги ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.
Ўзбекистон улкан салоҳиятга эга ва барқарор иқтисодий ўсишни намоён этмоқда. Бугунги кунда савдо, саноат ва муҳандисликдан тортиб, таълим, кўчмас мулк ва замонавий технологияларгача бўлган деярли барча соҳаларда сармоя киритиш имкониятлари очилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг форумдаги нутқи мамлакат тараққиётининг ижобий суръатини яна бир бор тасдиқлади. Тақдим этилган кўрсаткичлар халқаро ҳамжамият ва ишбилармон доираларнинг Ўзбекистонга ишончли ҳамкор ҳамда истиқболли сармоявий йўналиш сифатидаги ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.
Инвесторлар Ўзбекистонни нафақат лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш, балки киритилган сармоядан узоқ муддатли даромад олиш мумкин бўлган имкониятлар мамлакати сифатида тобора кўпроқ эътироф этмоқда.
Ривожланишнинг ҳозирги суръатлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини инобатга олиб, Ўзбекистон келажакда Марказий Осиёнинг етакчи иқтисодий марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашда давом этишига ишончим комил. Мен бу жараённи катта қизиқиш ва некбинлик билан кузатмоқдаман ҳамда унинг бир қисми бўлишга умид қиламан.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси