Ўзбекистон Президенти гиёҳвандликка қарши курашиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриб чиқди

Июнь 11, 2026. 19:55 • 3 дақ

80
Ўзбекистон Президенти гиёҳвандликка қарши курашиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриб чиқди

ТОШКЕНТ, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, аввало, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Ушбу қонун парламент томонидан қабул қилинган.

Қонун билан Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли янги боб киритилмоқда, бу орқали аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигига таҳдид солаётган хавфли қилмишлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш кўзда тутилган.

Наркожиноятларнинг замонавий усул ва шакллари инобатга олиниб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига раҳнамолик қилиш, бангихона ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, 10 дан ортиқ хавфли қилмиш бўйича жазо чоралари оғирлаштирилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу қонун наркожиноятчиликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлади ҳамда уни имзолади.

Тақдимотда идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда нарковазият жиддий ўзгариб, анъанавий гиёҳвандлик воситаларининг ўрнини синтетик наркотиклар эгалламоқда. Уларни тарқатиш усуллари ҳам ўзгариб, асосан, интернет орқали контактсиз шаклда амалга оширилмоқда. Шунингдек, мамлакат ичкарисида яширин лабораториялар пайдо бўлаётгани ушбу соҳада ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Шунингдек ўқинг

Янги қонун лойиҳасида давлат сиёсатининг 7 та асосий йўналиши белгиланмоқда. Улар орасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга барҳам бериш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштириш каби чоралар мавжуд.

Лойиҳада наркотиклар айланмаси, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишда бевосита иштирок этувчи 14 та давлат органининг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланиши назарда тутилган. Қонуний муомаладаги моддалар устидан давлат назорати кучайтирилиб, уларни олиб киришдан тортиб, реализация қилишгача бўлган жараёнлар узлуксиз электрон назорат қилинади.

Прекурсорлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини қатъий тартибга солишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада электрон назорат тизимини жорий этиш, ноқонуний ҳолатларга қарши идоралараро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Тақдимотда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Айрим фуқаролар томонидан вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилаётгани, бу эса йўлларда ўлим ва жиддий жароҳат олиш ҳолатларига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Шу боис, янгича ёндашув асосида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, оғир оқибатли аварияларнинг олдини олиш, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшлар орасида мазкур иллатнинг тарқалишига қатъий чек қўйиш, шунингдек, йўлларда инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифларни маъқуллади. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш