Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари учун консуллик хизматлари мобил иловаси ишга туширилди

Июнь 11, 2026. 20:10 • 2 дақ

85
Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари учун консуллик хизматлари мобил иловаси ишга туширилди

ТОШКЕНТ, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Хорижда яшовчи ёки чет элга саёҳат қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари учун консуллик масалаларини тезкор ва масофадан туриб ҳал этиш, барча зарур маълумотларни бевосита техник қурилма орқали тақдим этишга мўлжалланган расмий мобил илова ишга туширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу иловада Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг ягона маълумотлар базаси шакллантирилган. Фойдаланувчилар элчихоналар ва консулликларнинг манзиллари, алоқа маълумотлари ва жойлашуви тўғрисидаги долзарб маълумотларни олиши, шунингдек, ўзлари турган мамлакат ёки минтақа тегишли бўлган консуллик округини аниқлаши мумкин.

Дастлабки босқичда илова орқали Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатни расмийлаштириш ҳамда вақтинчалик ёки доимий консуллик рўйхатидан ўтиш каби хизматлар кўрсатилади. Келгусида электрон хизматлар рўйхатини изчил кенгайтириб бориш режалаштирилган.

Анкета ва аризаларни автоматик тўлдириш тизими платформанинг асосий хусусиятларидан бирига айланди. Замонавий рақамли ечимларнинг жорий этилиши туфайли мажбурий майдонларнинг қарийб 80 фоизи автоматик тарзда тўлдирилади. Бу ҳужжатларни расмийлаштириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради ва мурожаат юбориш жараёнини осонлаштиради.

Бундан ташқари, мобил иловада Ўзбекистон фуқаролари учун хорижий давлатларнинг виза талабларига бағишланган ахборот бўлими ҳам мавжуд. Айни пайтда ушбу хизмат синов режимида ишламоқда ва долзарб маълумотлар билан мунтазам равишда тўлдириб борилмоқда.

Илова бепул асосда тақдим этилади. Уни қуйидаги расмий ҳаволалар орқали юклаб олиш мумкин:

Google Play (Android):

https://play.google.com/store/apps/details?id=consular_services_uzb.org&hl=ru

App Store (iOS):

https://apps.apple.com/us/developer/mfa-uz/id1818537775

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш