БАА компанияси юртимизда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

Июнь 11, 2026. 20:40 • 2 дақ

63
БАА компанияси юртимизда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

АБУ-ДАБИ, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари томонидан БААнинг энг йирик фармацевтика компанияси бўлган “Julphar” бош директори Басел Зиядеҳ билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида Ўзбекистон фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, юртимизда замонавий дори воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш ҳамда инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда мамлакатимизда фармацевтика тармоғини модернизация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва халқаро стандартларга мувофиқ маҳсулотлар тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда соҳадаги мавжуд кенг имкониятлар тақдимот қилинди.

Шунингдек ўқинг

“Julphar” компанияси бош директори Басел Зиядеҳ Ўзбекистон фармацевтика бозорининг юқори салоҳиятини қайд этиб, мамлакатда соҳа ривожи учун яратилаётган шароитларни юқори баҳолади. У ўз компанияси Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, технологиялар трансферини йўлга қўйиш ва инвестициявий ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини қўшимча равишда чуқур ишлаб чиқиш ҳамда изчил мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

1980 йилда ташкил этилган “Julphar” компанияси Яқин Шарқдаги етакчи фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Корхона антибиотиклар, инсулин, витаминлар ва тиббий кремлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания маҳсулотларининг 80 фоизи жаҳоннинг 40 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш