Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Бухородаги замонавий тўқимачилик корхонасига ташриф буюрдилар
Март 27, 2026. 18:48 • 2 дақ
• 67
ТОШКЕНТ, 27 март. /“Дунё” АА/. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида бугун мамлакатимиз енгил саноатининг имкониятлари билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, икки мамлакат етакчилари Бухоро вилоятидаги “Merganteks” пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги “Nigora” фабрикасига ташриф буюрдилар.
Қиймати 35 миллион долларлик лойиҳа доирасида ташкил этилган фабрика пахта хомашёсини қайта ишлашдан тортиб, тайёр мато ва кийим-кечак тайёрлашгача бўлган узлуксиз ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйган.
“Shoyigul” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган тикув-трикотаж ва тайёр кийим маҳсулотлари асосан Европа мамлакатларига, хусусан, Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германияга экспорт қилинмоқда. Бу ерда 840 та иш ўрни яратилган.
Корхонада халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий юқори технологик ускуналар Хитой, Германия ва Бельгиядан олиб келинган. Иккинчи босқичда синтетик толалар ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Олий мартабали меҳмонлар корхонанинг шоу-румини ва тайёр маҳсулотлар намойишини кўздан кечирдилар.
Йилига 10 миллион долларлик экспорт қилаётган фабрика маҳсулотларининг сифати Тожикистон делегацияси томонидан юқори баҳоланди.
Президентлар мамлакатларимизнинг илғор корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси