Лондонда ўзбек миллий тўқимачилик санъатига бағишланган маҳорат дарси ўтказилди
Ноябрь 14, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 132
ЛОНДОН, 14 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси ташаббуси билан ўзбек миллий тўқимачилик санъатига бағишланган маҳорат дарси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги маданий элчиси, тўқимачилик дизайни соҳаси мутахассиси Шахина Миржонова олиб борди. Маҳорат дарси Лондондаги “Third Culture Kid” (TCK) халқаро ҳамжамияти билан ҳамкорликда ўтказилиб, унда турли мамлакатлар вакиллари қатнашди.
TCK ҳамжамияти ҳаётини турли хорижий мамлакатларда ўтказган кишиларни бирлаштириб, маданиятлараро мулоқот ва тажриба алмашишни рағбатлантиради.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзбек миллий матоларининг ўзига хос хусусиятлари, икат тўқимачилиги тарихи, унинг тайёрланиш жараёни ва нақшларидаги рамзий маънолар билан танишди. Шунингдек, анъанавий тўқимачилик усулларидан фойдаланган ҳолда, махсус дастгоҳсиз қўлда миниатюра тўқима намуналарини яратди.
Мазкур тадбир ўзбек миллий маданий мероси ва ҳунармандчилик анъаналарини Буюк Британияда кенг тарғиб этиш, хорижий жамоатчиликни ўзбек санъати билан яқиндан таништириш ҳамда маданий дипломатия орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси