Logo

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқи

Март 21, 2026. 11:36 • 5 дақ

123
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқи

(2026 йил 21 март, Тошкент ш.)

 

Aссалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Бутун дунё нурга, гўзалликка тўлган шу дилбар фаслда жонажон диёримизга шарқона янги йил – Наврўзи олам кириб келмоқда.

Бугун бамисоли икки азим дарё туташмоқда – Наврўз байрамини муборак Рамазон ҳайити билан бирга нишонламоқдамиз.

Табиат уйғониши ва руҳий покланиш рамзи бўлган мана шундай қутлуғ айёмлар билан сизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида ишлаётган, таҳсил олаётган ватандошларимизни ҳам муборакбод этиб, уларга эзгу салом ва тилакларимизни изҳор этаман.

Байрам барчамизга муборак бўлсин!

Наврўзи олам диёримизга тинчлик ва бахт олиб келсин!

 

Азиз дўстлар!

Бугун баҳорни соғинган юракларимиз янги кун, янги ҳаёт шукуҳи билан яшамоқда.

Осмондан обираҳмат ёғилиб, дарё ва кўлларимиз сувга тўлмоқда. Боғларимиз, қир ва адирларимиз ўт-ўланлар билан қопланиб, йилимиз баракали бўлишидан дарак бермоқда.

Шаҳар ва қишлоқларимиз, водий ва воҳаларимизда сайил-томошалар бошланмоқда.

Янгиланиш фасли бўлган Наврўз кунларида халқимизнинг умуммиллий бирдамлиги, бунёдкорлик салоҳияти янада яққол намоён бўлмоқда.

Наврўз қадриятларига содиқ бўлиб, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизни, бутун эл-юртимизни рози қилиш йўлидаги ишларимиз янги босқичга кўтарилмоқда. Бу йилги байрамни “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир”, деган даъваткор ғоя асосида ўтказаётганимиз ҳам бунинг яна бир тасдиғидир.

Биз барча ҳудудларимизга, қишлоқ ва овуллар, маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш бўйича катта ҳаракат бошладик.

Янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида ҳам улкан қадамлар қўймоқдамиз. Янги-янги замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари барпо этилмоқда.

Келгусида бундай қурилишлар кўламини янада кенгайтирамиз.

Ушбу файзли тонгда миришкор деҳқон ва фермерларимизга барчамиз юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз.

Сиз, азизларнинг элимиз дастурхонини янада тўкин ва фаровон қилишдек эзгу ишларингизда зафар ва омадлар тилаймиз. Чунки, сизларнинг олижаноб меҳнатингиз билан халқимизнинг ризқу насибаси бутун бўлади. Бу борада давлатимиз, жамиятимиз сизларни доимо қўллаб-қувватлайди.

 

Ҳурматли юртдошлар!

Янги Ўзбекистон мамлакатимиз ёшлари учун юксак парвозлар, катта-катта ғалабалар майдонига айланиб бормоқда. Яқинда ёшларимиз билан учрашиб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Ҳар бир йўналишда – таълим, илм-фан, маданият ва санъат, спорт, IT ва бизнес соҳаларида янги номлар, янги қаҳрамонлар пайдо бўлмоқда. Мана шундай билимли, жўшқин ва изланувчан ўғил-қизлар билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.

Азиз фарзандларим, бугун Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлишдек улкан бахт ва юксак шараф сизларга насиб этмоқда. Қанча-қанча аждодларимиз интилиб яшаган шу буюк орзуни рўёбга чиқаришга сизлар албатта қодирсиз.

Бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг, яратилган катта имкониятлар, ота-оналар, устоз-мураббийларингиз меҳнатининг қадрига етиб, тинимсиз ўқиб-ўргансангиз, билим ва маҳоратингизни доимо ошириб борсангиз – келажак албатта сизникидир.

Бу йўлда сизларга, бутун Ўзбекистон ёшларига яна қандай шароит зарур бўлса, барчасини яратиб беришга тайёрмиз.

Ватан учун, миллат учун, халқ учун деб яшасангиз – Ватан ва халқ ҳам сизни эъзозлаб, бошига кўтаради!

Янги Ўзбекистоннинг олтин авлоди бўлиб, унинг зафар байроғини баланд кўтаришдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!

Шунингдек ўқинг

 

Қадрли юртдошлар!

Маҳалла деганда, кўз олдимизда аввало она юртимизнинг гўзал тимсоли намоён бўлади. Биз Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилида яхши ният билан катта дастур ва режаларни амалга оширмоқдамиз.

Бу ишларда оила ва жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш, эзгулик ва адолатни қарор топтириш учун кўпни кўрган отахон ва онахонларимиз, “маҳалла еттилиги”, фаол фуқароларимиз яқиндан иштирок этадилар, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан жонкуяр маҳалла раислари ва фаолларини, барча юртдошларимизни чин қалбимдан табриклаб, уларга янги муваффақиятлар тилайман.

 

Муҳтарам дўстлар!

Минг йиллар давомида халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб келаётган Наврўзнинг тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари бугунги нотинч замонда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Юртимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бу байрамни бир бўлиб, шоду хуррамлик билан нишонламоқда. Мана шундай аҳиллик ва тотувлик Янги Ўзбекистонимизни биргаликда барпо этишнинг энг ишончли кафолатидир.

Биз жамиятимизда миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Бу борада қўшни ва қардош мамлакатлар билан бирга, ягона Марказий Осиё овози бўлиб, минтақамизнинг тинчлик, биродарлик ва ҳамкорлик макони сифатидаги нуфузини оширишга устувор аҳамият қаратамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, даврамизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини Халқаро Наврўз куни билан самимий қутлаб, уларнинг ўлкалари ва халқларига қизғин табрикларимизни йўллаймиз.

 

Қадрли дўстлар!

Мана шу тароватли лаҳзаларда барчангизга, бутун эл-юртимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман.

Азизлар, қаранг, қандай гўзал юртимиз, қандай саховатли заминимиз, бетакрор табиатимиз бор!

Бу бебаҳо бойликларни минг йиллар оша асраб-авайлаб келаётган меҳнаткаш, оқ кўнгил ва олижаноб халқимиз бор.

Худо бизга ато этган ер-сувимизни, барча имкониятларимизни қадрлаб, улардан оқилона фойдалансак, бир бойлигимизга, албатта, ўн бойлик қўшилади.

Шу боис азалий анъаналаримизни давом эттириб, кўчат экиб, боғ яратайлик, уйимиз, маҳалламизни обод қилиб, ҳаётимизни янада гўзал ва фаровон этайлик!

Яхши қўшничилик, аҳиллик билан, эзгу ва савоб ишларимиз билан бағрикенг эл, ўз машаққатли меҳнатимиз билан бахт ва обрў топаётган халқ эканимизни дунёга намоён этайлик!

Ўғил-қизларимиз замонавий билим, тил ва касбларни эгаллаб, баркамол авлод бўлиб сафимизга кирсин!

Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги келажак яратайлик!

 

Aзиз ва муҳтарам ватандошларим!

Сиз, қадрдонларимни, бутун халқимизни Наврўзи олам билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.

Янги Ўзбекистон Наврўзи – юксалиш ва тараққиёт даври халқимизга равнақ ва фаровонлик ато этсин!

Барча пок ниятларимиз амалга ошсин!

Яратган Парвардигор жонажон Ватанимизни ўз паноҳида асрасин!

Янги кун, янги бахт барчамизга муборак бўлсин!

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш