Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Июнь 29, 2026. 09:00 • 2 дақ

35
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

РОСТОВ-ДОН, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Миграция агентлиги директори ўринбосари Элёр Тоштемиров бошчилигидаги делегация Россиянинг Краснодар ўлкаси ҳамда Адигея Республикаси вакиллари билан онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон делегацияси таркибига Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходимлари ҳам киритилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган мулоқот доирасида Краснодар ўлкаси губернатори ўринбосари Александр Топалов, ўлканинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сергей Мышак, Адигея Республикаси Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари, молия вазири Виктор Орлов ҳамда ҳар икки ҳудуднинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар марказида ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Россия минтақаларининг профилли органлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари турди.

Томонлар тизимли равишда тайёргарликдан ўтган ишчи кучини ташкилий жалб этиш механизмларини жорий қилиш, меҳнат мигрантларини касбий тайёрлаш, мослаштириш (адаптация) ва ҳуқуқий кузатиб бориш (қўллаб-қувватлаш) истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, таълим, кадрлар тайёрлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувлар якунида Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳамда Краснодар ўлкаси ва Адигея Республикасининг тегишли тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри ишчи алоқаларни йўлга қўйиш, ташкилий меҳнат йўналишини ривожлантириш бўйича амалий таклифлар алмашиш ҳамда фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқишни давом эттириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш