“MIR24.TV”: “Андижон полькаси”нинг оммавий ижроси Гиннеснинг рекордлар китобига кирди

Июнь 28, 2026. 13:30 • 2 дақ

71
“MIR24.TV”: “Андижон полькаси”нинг оммавий ижроси Гиннеснинг рекордлар китобига кирди

МОСКВА, 28 июнь. /“Дунё” АА/. Андижонда 20 минг нафар иштирокчи бир вақтнинг ўзида “Андижон полькаси” рақсини ижро этиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири халқаро “MIR24.TV” ахборот-таҳлилий порталига таяниб.

Қайд этилишича, мазкур чиқиш “Бобур Арена” стадионида Андижон шаҳрига 2026 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти мақоми берилгани муносабати билан ўтказилаётган халқаро тадбирлар доирасида ташкил этилган.

Рекордни расман рўйхатга олиш учун белгиланган барча талаб ва мезонларга риоя этилиши Гиннеснинг рекордлар китоби расмий вакили томонидан назорат қилинган. Тадбир якунлари бўйича ўрнатилган натижанинг белгиланган стандартларга тўлиқ мувофиқлиги тасдиқланиб, жаҳон рекорди сертификати топширилган.

Нашрнинг ёзишича, “Андижон полькаси” рақсининг тарихи ўт ган асрнинг 20 йилларига бориб тақалади. Унинг мусиқий асоси Ўзбекистон халқ артисти, истеъдодли актёр, бастакор ва гармончи Ориф Тошматов томонидан яратилган. Кейинчалик хореограф Абдуғаффор Қодиров ушбу куй асосида рақс композициясини саҳналаштирган. Асар қисқа вақт ичида кенг оммалашиб, халқ меҳрини қозонган.

Шунингдек ўқинг

Рақснинг илк ижрочиси халқ артисти Розияхон Мўминова бўлган. Дастлаб саҳна асари расмий номга эга бўлмагани учун санъаткор уни “эркаклар рақси” деб атаган. Кейинчалик унинг жўшқин оҳанги ва ўзига хос хореографик ечими туфайли композиция “Андижон полькаси” номи билан кенг оммалашган.

Ушбу жаҳон рекорди нафақат Ўзбекистон маданий ҳаётидаги муҳим воқеа, балки миллий рақс санъатини асраб-авайлаш, уни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида ҳам эътироф этилмоқда.

Шунингдек, материалда Ўзбекистонда аввал ҳам рекордлар қайд этилганини ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Фарғона вилоятида яшаган, 1895 йил 1 январда туғилган Хувайдо Умарова мамлакатнинг энг кекса фуқароси сифатида расман эътироф этилган. Мазкур рекорд Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш