Новосибирскда футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг учинчи ўйини жамоавий тарзда томоша қилинди

Июнь 28, 2026. 12:30 • 2 дақ

69
Новосибирскда футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг учинчи ўйини жамоавий тарзда томоша қилинди
Новосибирскда футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг учинчи ўйини жамоавий тарзда томоша қилинди

НОВОСИБИРСК, 28 июнь. «Дунё» АА. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан бугун футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг учинчи учрашувини жамоавий томошаси ташкил этилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбир.

Тадбирда консуллик округида истиқомат қилаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимиз, шунингдек, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси ҳамда Миграция агентлиги вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар миллий рамзларимиз акс этган ёрқин футболкаларда йиғилиб, ҳақиқий спорт байрами ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратдилар.

Учрашув бошланишидан аввал барча иштирокчилар Ватанимиздаги миллионлаб мухлислар билан бирга Ўзбекистон Давлат мадҳиясини юксак ғурур ва ифтихор билан ижро этиб, ўз юртига бўлган меҳри ва миллий терма жамоани қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этдилар.

Учрашув хориждаги ватандошларимизнинг юксак жипслиги ва миллий терма жамоага бўлган чексиз ишончини яна бир бор тасдиқлади. Терма жамоамиз Конго жамоасига қарши баҳсда юқори маҳорат, ғалабага интилиш ва юқори натижага эришиш йўлидаги қатъиятини намоён этди.

Айниқса, Элдор Шомуродов томонидан киритилган ажойиб гол қатнашчиларда катта ҳаяжон ва қувонч уйғотди. Мухлислар уни узоқ давом этган олқишлар билан қарши олиб, ушбу гол ўзбек футболи тарихининг олтин саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллашига ишонч билдирдилар.

Бош консулхона томонидан ташкил этилган мазкур жамоавий томоша тадбири хорижда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг бирдамлиги, Ватанга садоқати ҳамда миллий терма жамоамизнинг жаҳон футболи майдонидаги муносиб иштирокини самимий қўллаб-қувватлаётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Rakhataliyeva

rakhataliyeva@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш