Яқин Шарқнинг йирик ритейлери ўзбекистонлик мутахассислар учун бўш иш ўринларини таклиф қилмоқда
Июнь 23, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 26
ДУБАЙ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари БААда фаолият юритаётган “Nesto Group” ширкати бош офиси раҳбарияти билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида БАА томонига Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, соҳага оид Президент фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, халқаро меҳнат бозори талабларига мос малакали мутахассислар тайёрлайдиган юртимиздаги мономарказлар фаолияти ва уларнинг имкониятлари алоҳида тақдим этилди.
“Nesto Group” вакиллари Ўзбекистон фуқароларини қонуний ва ижтимоий ҳимояланган меҳнат билан таъминлаш масаласига катта қизиқиш билдириб, ҳамкорлик доирасида кенг қамровли бўш иш ўринларини таклиф этди.
Жумладан, савдо тармоғидаги гипермаркет ва супермаркетлар учун сотувчи-маслаҳатчи, кассир-оператор, мерчендайзер, турли ихтисослашган бўлимлар ходимлари, омборчилар ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари каби лавозимларга ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилишга тайёрлигини билдирди.
Компания раҳбариятининг маълум қилишича, ишга қабул қилинадиган фуқароларнинг тиббий суғуртаси, ишчи визасини расмийлаштириш, яшаш жойи ва транспорт харажатлари тўлиқ иш берувчи томонидан қопланади.
Номзодлардан инглиз тилини камида бошланғич даражада билиш талаб этилади. Шунингдек, иш бошлашдан олдин улар учун компания ҳисобидан 50 кунлик махсус касбий мослашув ва тайёргарлик курслари ташкил этилади.
Учрашув якунида БАА компанияси вакиллари ҳамда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва юртимиздаги мономарказлар ўртасида “Zoom” платформаси орқали онлайн мулоқот ташкил этиш, узоқ муддатли ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва лойиҳани қисқа муддатларда амалий босқичга ўтказиш бўйича қатъий келишувга эришилди.
2004 йилда ташкил этилган, “Western International Group” таркибига кирувчи “Nesto Group” Яқин Шарқдаги энг тез ривожланаётган ритейлерлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда компания БАА, Саудия Арабистони, Уммон, Қувайт, Баҳрайн ва Ҳиндистонда 150 га яқин йирик гипермаркет, супермаркет ва дискаунтерларни бошқариб, 24 мингдан ортиқ ходимни иш билан таъминлаб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси