Logo

Россиянинг Якутск шаҳрида ватандошлар учун ифторлик дастурхони ёзилди

Март 17, 2026. 11:55 • 2 дақ

60
Россиянинг Якутск шаҳрида ватандошлар учун ифторлик дастурхони ёзилди

ЯКУТСК, 17 март. /“Дунё” АА/. Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан хориждаги ватандошлар учун ташкил этилаётган хайрия тадбирлари давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Навбатдаги хайрия учрашуви Саха Республикасининг маркази Якутск шаҳрида ўтказилиб, тадбир доирасида ватандошлар учун ифторлик дастурхони ёзилди.

“Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда Якутияда меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз, талаба ёшлар, ўзбек миллий-маданий маркази фаоллари ҳамда маҳаллий мусулмонлар жамияти вакилларидан иборат 200 нафарга яқин фуқаро қатнашди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан махсус вакил сифатида юборилган Андижон шаҳридаги “Хонақа” масжиди имом-хатиби Зуҳробиддин Олимов ҳамда Владивосток шаҳридаги Бош консулхона дипломатлари сўзга чиқиб, йиғилганларни фазилатли айём билан қутлади.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот давомида иштирокчиларга давлатимиз раҳбари томонидан хориждаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Маърифий суҳбат давомида ватандошлар турли экстремистик ғоялар таъсиридан огоҳ бўлишга, миллий ўзлик ва оилавий қадриятларни асраб-авайлашга ҳамда диний бағрикенглик тамойилларига амал қилишга чақирилди.

Имом-хатиб томонидан Қуръон тиловат этилиб, давлатимиз ва халқимиз фаровонлиги йўлида хайрли дуолар қилинди. Ҳамюртларимиз ўзларини қизиқтирган диний-маърифий саволларга атрофлича жавоб олди.

Тадбир якунида ватандошларимиз масофа узоқ бўлишига қарамай, давлатнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигини ҳис қилаётганини таъкидлаб, халқ манфаати йўлидаги бундай ташаббуслар учун самимий миннатдорликларини изҳор этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш