Logo

Жанубий Кореядаги ўзбек диаспораси учун Рамазон ойи муносабати билан ифторлик тадбири ташкил этилди

Март 14, 2026. 20:09 • 2 дақ

58
Жанубий Кореядаги ўзбек диаспораси учун Рамазон ойи муносабати билан ифторлик тадбири ташкил этилди

СЕУЛ, 15 март. /“Дунё” АА/.  Жорий йилнинг 14 март куни мамлакатимизнинг Сеул шаҳридаги Элчихонаси ташаббуси билан Жанубий Кореянинг Тегу шаҳрига қарашли Кёнгсан шаҳарчасида ватандошларимиз учун ифторлик дастурхони ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Тегу шаҳрининг Кёнгсан шаҳарчаси ҳамда унга яқин ҳудудларда меҳнат фаолияти олиб бораётган ва таҳсил олаётган 100 нафардан ортиқ ватандошларимиз, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги “Хаким Термизий” масжиди имом-ноиби Фатхулло Абдуллаев иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқотни таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш шароити ва долзарб муаммоларини ўрганиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида қайд этилди.

“Хаким Термизий” масжиди имом-ноиби Фатхулло Абдуллаев йиғилганларни муборак Рамазон ойи муносабати билан самимий табриклаб, Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти номидан эзгу тилакларини етказди. У хориждаги ватандошлар ҳолидан хабар олиш, уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат раҳбари топшириғига мувофиқ ушбу ташриф амалга оширилаётганини таъкидлади.

Тадбир давомида ватандошларимиз билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилди. Ҳамюртлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, Элчихона вакилларидан зарур тушунтириш ва амалий маслаҳатлар олдилар. Айниқса, давлат раҳбарияти томонидан хориждаги ўзбекистонликларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик юртдошларимиз томонидан чуқур миннатдорлик билан қарши олинди.

Иштирокчилар бундай учрашувлар уларнинг Ватан билан алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлардан фахр туйғусини уйғотаётганини алоҳида таъкидладилар. Улар Президент раҳнамолигида хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқотни таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар учун самимий миннатдорлик билдирдилар.    

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш