“Reuters” АА: Ўзбекистон иқтисодиёти йилдан йилга ўсиб бормоқда
Март 17, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 87
ЛОНДОН, 17 март. /“Дунё” АА/. Британиянинг нуфузли “Reuters” ахборот агентлиги Ўзбекистонда иқтисодий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларга бағишланган мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Жаҳон банки сўнгги йилларда Ўзбекистонни дунёнинг энг фаол ислоҳотчи мамлакатларидан бири, дея таъкидлаб, давлат иқтисодиётининг йилдан йилга ўсиб бораётгани, иқтисодий кўрсаткичлари бўйича минтақада анча илгарилаб кетаётгани, алоҳида эътироф этган.
Нашрда келтирилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар иқтисодиётни юксалишига катта таъсир кўрсатди. Мамлакатда саноат, хизматлар ва экспорт сектори ривожланиб, ялпи ички маҳсулоти йилда барқарор ўсишни намоён этмоқда.
Мақолада Буюк Британия ва Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон каби ҳамкор давлатлар билан савдо ва инвестиция алоқалари фаол ривожланаётгани, шунингдек тадбиркорлик муҳити соддалаштирилгани ҳам қайд этилган. Ягона рақамли платформа орқали компанияларнинг рўйхатдан ўтиши ва бизнес бошлаш имконияти мамлакатни Марказий Осиёдаги иқтисодий йўлакка айлантирмоқда.
Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Икки мамлакатнинг иқтисодий товар ва хизматлар савдоси, фонд биржалари ва хусусий секторлари бўйича статистик маълумотлар келтирилган. Шунингдек, Буюк Британия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ташаббусини қўллаб-қувватлаши бўйича ҳақида сўз юритилган.
Маданият ва таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланаётгани, жумладан, Ўзбекистон симфония оркестрининг Лондондаги чиқишлари, маданий фестиваллардаги фаол иштирок ва Оксфорд университетида ташкил этилган “Ўзбекшунослик” дастур лойиҳаси борасида маълумот келтирилган.
“Ўзбекистоннинг геосиёсий позицияси, амалга ошираётган ислоҳотлари Марказий Осиёда иқтисодий етакчи давлат сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Евроосиё транспорт коридорлари кесишмасидаги жойлашуви мамлакатга Форс кўрфази капитали, Хитой тадбиркорлик сектори ҳамда Европа технологияларидан фойдаланиш имконини бермоқда”, дея фикр билдирган “Reuters” агентлиги.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси