Рамазон ойи муносабати билан Қоҳирада ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Март 13, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 196
ҚОҲИРА, 13 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан 11 март куни Миср пойтахтида ватандошлар учун ифторлик тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Мисрда вақтинча яшаб ва фаолиятини олиб бораётган 400 нафарга яқин ватандошларимиз, жумладан, кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, талабалар, ёш олимлар ҳамда ўз оилалари билан яшаётган ватандошлар иштирок этди.
Ифторликда Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев меҳмонларни муборак Рамазон ойи билан самимий табриклади. У ўз нутқида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Рамазон ойи муносабати билан билдирилган табрикда қайд этилганидек, бу ой инсонларни яхшиликка чорлаш, муҳтожларга ёрдам бериш, жамиятда тинчлик-тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш даври эканини таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан хорижда, хусусан, Мисрда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар батафсил баён қилинди. Шу билан бирга, ватандошлар билан мунтазам мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш давлат сиёсатидаги муҳим устувор йўналишлардан бири экани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда ватандошлар билан маънавий мулоқотни янада бойитиш мақсадида Мисрга ташриф буюрган Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан Қодиров Рамазон ойининг фазилатлари, инсон қалби ва руҳиятини тарбиялашдаги ўрни, меҳр-оқибат, сабр-тоқат, бирдамлик ва шукроналик каби инсоний қадриятларнинг ҳаётдаги аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир доирасида Мисрдаги Ўзбекистон талабалари уюшмаси раҳбари Акбар Исмоилов билан қисқа интервью бўлиб ўтди. У давлатимиз томонидан хориждаги ватандошларга эътибор қаратилаётгани, Рамазон ойида бундай учрашувлар маънавий муҳитни мустаҳкамлаш учун имконият яратишини қайд этди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибат ва саховатни кенг ёйиш, жамиятда бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар учун юртдошларимиз номидан самимий миннатдорлик билдирилди.
Иштирокчилар тадбирни катта мамнуният билан қарши олдилар. Улар учун ҳамюртларимиз даврасида Рамазоннинг муборак муҳитини ҳис этиш, миллий анъаналар ва маънавий қадриятлар билан янада яқинлашиш имконияти яратилди.
Тадбир якунида меҳмонлар учун миллий таомлар билан тўлган байрам дастурхони ёзилди. Ифторлик самимий мулоқот, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси