“Российская газета”: Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё университетлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди

Ноябрь 02, 2026. 20:00 • 2 дақ

• 137
“Российская газета”: Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё университетлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди

МОСКВА, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Нуфузли “Российская газета” нашрида “Мирзиёев Марказий Осиё давлатларининг илмий ҳамкорлигини кенгайтириш тарафдори эканини билдирди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида очилган Халқаро таълим форуми иштирокчиларига йўллаган мурожаатида сифатли таълимни Марказий Осиё тараққиётининг асосий шарти деб атаган.

Давлат раҳбари таълим Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этган. “Яқинда алоҳида Фармон қабул қилиб, мактабгача ва мактаб таълими, касбий ва олий таълим ҳамда илм-фан бошқарувини ягона тизимга бирлаштирдик. Шу тариқа бошланғич билим ва тарбия олишдан етук мутахассис ва олим бўлиб шаклланиш давригача бўлган маърифий босқичларнинг узвий боғлиқлигини таъминлашни мақсад қилганмиз”, — дея Президент сўзларидан иқтибос  келтирган нашр.

Шунингдек ўқинг

Минтақавий ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, давлат раҳбари сув ресурслари танқислиги, энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва меҳнат бозоридаги технологик ўзгаришлар каби чақириқлар саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этишини таъкидлаган. У университетлар шериклигини кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, шунингдек, талабалар ва олимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашга чақирди.

“Бизнинг бу соҳадаги стратегик мақсадимиз – Марказий Осиёни ўзаро ишонч ва дўстлик диёрига, илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантиришдир”, — дея Президент Шавкат Мирзиёев сўзлари билан хулоса қилинган мақолада.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш