Тошкент халқаро инвестиция форуми Россия ОАВда кенг ёритилди

Июнь 19, 2026. 19:30 • 3 дақ

79
Тошкент халқаро инвестиция форуми Россия ОАВда кенг ёритилди

МОСКВА, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари юртимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2026)га бағишланган турли мақолалар эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Россиянинг мультимедиа интернет-портали “MIR24.TV”да Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2026) доирасида Ўзбекистон Президентининг чиқишига алоҳида тўхталиб ўтган. Материалда давлат раҳбарининг мамлакат туризм салоҳияти, инвестиция муҳити ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақидаги фикрлари келтирилган.

Нашр берилган маълумотига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев форумнинг пленар сессиясида сўзга чиқиб, Ўзбекистон йилига 15–20 миллионгача хорижий туристни қабул қилиш салоҳиятига эга эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, туристларга кўрсатиладиган хизматлар ҳажми камида 15 миллиард долларга етказилиши мумкинлиги қайд этилган.

 “РИА Новости” агентлиги ТХИФ-2026га ташриф буюрган Россия Ҳукумати раиси Михаил Мишустиннинг форумдаги нутқига эътибор қаратган. Мақолада қайд этилишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.

Нашрда таъкидланишича, иқтисодий алоқалар тобора кенгаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда ва ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик фаоллашмоқда.

Шунингдек ўқинг

“Коммерсантъ” газетасида эълон қилинган материалда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ҳажми ортиб бораётганига эътибор берилган. Мақолада ёзилишича, ўтган йил давомида ўзаро товар айирбошлаш 12,5 фоизга ўсган. Россия Ўзбекистон иқтисодиётига йирик инвесторлар қаторига кириб, умумий инвестициялар ҳажми 4 трлн рублдан ошган. Бугунги кунда мамлакатда 3 мингдан ортиқ Россия компанияси фаолият юритмоқда ва 150 дан зиёд йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

“Комсомольская правда” газетаси эса озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига алоҳида урғу бериб, Россия ва Ўзбекистон ушбу йўналишда ҳамкорликни мустаҳкамлаётганини ёзган. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ҳажми йил бошидан бери деярли 1,5 баробар ошгани қайд этилган. Шунингдек, икки давлат ҳудудларида технопарклар ташкил этилаётгани, Навоийда эса Россия компанияси иштирокида маиший кимё ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани таъкидланган.

“Интерфакс” агентлиги янгиликларида эса энергетика соҳаси ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида кўрсатилган. Россия ва Ўзбекистон саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқиш ниятида экани, бу борада истиқболли лойиҳалар сони янада оширилиши кераклиги алоҳида қайд этилган.

Умуман олганда, Россия матбуотида эълон қилинган материаллар Тошкент инвестиция форуми Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётганини кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш