Ўзбекистон вакили кетма-кет иккинчи муддатга COOMET президенти этиб қайта сайланди
Июнь 19, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 37
ДУШАНБЕ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган Давлат метрология муассасаларининг Евро-Осиё ҳамкорлиги қўмитаси (CООМЕТ)нинг 38-йиғилишида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Лазизбек Саидарипов кетма-кет иккинчи муддатга COOMET президенти этиб қайта сайланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Йиғилиш доирасида ташкилотнинг янги раҳбариятини сайлаш бўйича овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Овоз бериш якунларига кўра, Ўзбекистон вакили яна COOMET президенти лавозимини эгаллади.
2024 йилда илк бор Ўзбекистон Миллий метрология институти раҳбари COOMET Президенти этиб сайланган эди. 2026 йилги сайловларда эса мамлакатимиз вакили ушбу лавозимни сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
Сўнгги йилларда мамлакат халқаро ўлчаш стандартларини жорий этиш, миллий метрология тизимини модернизация қилиш ва соҳадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон вакиллари COOMET таркибий органларига ҳам раҳбар этиб сайланди. Жумладан, Азамат Таубалдиев Ионлаштирувчи нурланишлар ва радиоактивлик техник қўмитаси раиси, Алишер Ботиров эса Сарф ўлчаш ишчи гуруҳи раиси этиб сайланди.
Маълумот учун, COOMET 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, Евроосиё минтақасидаги давлат метрология муассасаларини бирлаштиради. Ташкилотга турли йилларда Польша, Россия, Словакия, Украина, Беларусь ва Қозоғистон вакиллари раҳбарлик қилган.
COOMET Қўмитасининг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси