“Corriere della Sera” газетаси: “Келажак томчилари” лойиҳаси Ўзбекистонда сув тежаш самарадорлигини оширмоқда
Июнь 19, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 74
РИМ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда Италия компаниялари ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан йўлга қўйилган “Келажак томчилари” лойиҳаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Corriere della Sera” газетасига таяниб.
Мақолада ёзилишича, “Келажак томчилари” лойиҳаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Ушбу ташаббус далаларда мобил ва сунъий йўлдош тармоқлари орқали маълумотларни рақамли платформага автоматик равишда узатувчи замонавий об-ҳаво станциялари ва сенсорларини ўрнатадиган “CNH” ва “xFarm Technologies” компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятида деҳқончилик технологиялари жорий этилмоқда. Маккажўхори, пахта ва шоли етиштирилаётган қарийб 27 минг гектар майдонда метеорологик станциялар, тупроқ намлиги датчиклари ва шоли чекларини назорат қилиш ускуналари ўрнатилган. Лойиҳага 60 нафар ёш фермер ва агротадбиркорлар жалб этилган.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, рақамли ечимлардан фойдаланиш суғориш муддатларини аниқроқ белгилаш имконини беради. Дастлабки натижалар шуни кўрсатадики, тажриба майдонларида сув сарфи анъанавий усулларга нисбатан 12 мартагача камайган, ҳосилдорлик эса ошган.
Лойиҳанинг асосий элементи “FieldOps” рақамли платформаси бўлиб, у реал вақт режимида тупроқ ҳолатини кузатиш ва суғоришни оптималлаштиришни таъминлайди.
Шунингдек, лойиҳа минтақада иқлим ўзгариши ва ўтган ўн йилликлардаги ирригация сиёсати оқибатлари, жумладан, Орол денгизи атрофидаги вазият билан боғлиқ узоқ муддатли сув танқислиги муаммоларини ҳал қилишга қаратилган.
Келгусида ташаббусни амалга ошириш Самарқанд вилоятида янги ҳамкорлар ва экспертларни жалб қилиш, фермерлар учун ўқув дастурларини ўтказиш орқали давом эттирилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси