Афғонистон экспертлар ҳамжамияти Ўзбекистон раҳбариятининг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги баёнотини олқишлади
Июнь 19, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 72
ҚОБУЛ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Афғонистонлик сиёсий эксперт ва таҳлилчилар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги баёнотини юксак баҳолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, машҳур “Tolo News” телеканали форумдаги баёнотни батафсил ёритиб, Ўзбекистон жанубий денгиз портларига чиқиш учун Трансафғон коридори лойиҳасини амалга ошириш устида жадал иш олиб бораётганини таъкидлади.
Афғонистон экспертлар ҳамжамияти Трансафғон коридори оддий транзит лойиҳаси бўлиб қолмай, Марказий Осиёни жаҳон бозорлари билан боғлашга қаратилган стратегик иқтисодий ташаббусга айланганини алоҳида қайд этмоқда.
Таҳлилчи Миршакиб Мирнинг фикрича, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Афғонистон даромадларини ошириш учун имкониятлар яратиши, мамлакатда иқтисодий ўсишни кучайтириб, янги иш ўринлари яратиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу коридор Афғонистон давлатининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғловчи кўприк сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон етакчисининг нутқини Афғонистон ишбилармон доиралари вакиллари ҳам мамнуният билан қарши олди. Форум иштирокчиси, тадбиркор Муҳаммад Наби Афғоннинг таъкидлашича, Афғонистон делегациясининг Тошкент халқаро форумида иштирок этиши сўнгги йилларда Қобул ва Тошкент ўртасидаги, айниқса, савдо, транзит, энергетика ва Трансафғон коридори лойиҳасини амалга ошириш соҳаларидаги муносабатларнинг кенгайиб бораётгани фонида юз бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Афғонистоннинг асосий иқтисодий шерикларидан бири саналади ва ҳар икки томон минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган.
Умуман олганда, афғонистонлик экспертлар Ўзбекистоннинг иқтисодий дипломатияси ва Афғонистонни интеграция жараёнларига қўшиш борасидаги изчил позицияси минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин, деган якдил фикрни билдирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси