Россиялик ишбилармонлар Термиз халқаро савдо-логистика марказига қизиқиш билдирди
Июль 07, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 101
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси, Термиздаги “Airitom Free Zone” халқаро савдо-логистика маркази вакиллари ҳамда россиялик ишбилармонлар иштирокида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотда Санкт-Петербург, Архангельск, Вологда, Калининград, Ленинград вилоятлари, Карелия ва Коми республикаларининг ҳокимият идоралари, бизнес-ассоциациялар ҳамда компаниялар вакиллари ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида “Airitom Free Zone” халқаро савдо-логистика маркази тижорат директори Зафаржон Абдукаримов иштирокчиларни марказ фаолияти билан таништириб, эркин иқтисодий зонанинг афзалликлари ва бизнес юритиш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.
Зафаржон Абдукаримовнинг қайд этишича, эркин иқтисодий зона ҳудудида 250 та савдо объекти фаолият юритмоқда, яна шунча савдо майдони янги резидентларга таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудда тиббиёт маркази, “Hilton” меҳмонхонаси, хостел ва дам олиш масканларини қамраб олган замонавий инфратузилма шакллантирилган.
Суҳбат чоғида эркин иқтисодий зона резидентлари учун назарда тутилган имтиёзларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб улар учун қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси жорий этилади. Резидентлик мақомини расмийлаштириш жараёни атиги олти соатда амалга оширилади.
Ҳисоб-китоблар ўзбек сўми, Россия рубли, Хитой юани, евро ва АҚШ долларида амалга оширилади. Айни пайтда афғон афғонийсидан фойдаланиш имкониятини йўлга қўйиш юзасидан ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Тақдимотда марказнинг Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон бозорларига чиқиш учун муҳим минтақавий логистика хаби сифатидаги салоҳияти ҳам намойиш этилди. Унга кўра, транспорт йўлагининг кунлик ўтказиш қуввати 200 тадан ортиқ юк автомашинасини ташкил этади. Ҳар ҳафта Ўзбекистон ва Афғонистондан 12 мингдан зиёд харидор ташриф буюради. 2024 йилда эркин иқтисодий зона иш бошлаганидан буён унинг ҳудудида “Made in Uzbekistan” ва “Made in Afghanistan” брендлари остида 20 дан ортиқ халқаро кўргазма ва ярмарка ташкил этилган.
Шунингдек, томонлар ёғоч материаллари, мебель, тикувчилик маҳсулотлари ва маиший кимё воситалари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, марказ ҳудудида шоурумлар ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида Россия вакиллари “Airitom Free Zone” халқаро савдо-логистика маркази билан ҳамкорликни кенгайтириш ва унинг имкониятларидан фойдаланишдан манфаатдор эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси