Юртимизда йил бошидан ёшлар туризми ҳафталиги ўтказилади
Декабрь 30, 2025. 10:23 • 2 дақ
• 110
ТОШКЕНТ, 30 декабрь. /“Дунё” АА/. 2026 йил 1–10 январь кунлари юртимизда Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида “Ёшлар туризми ҳафталиги” тадбирлари ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ёшлар туризми ҳафталиги” Президентимизнинг “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йили анъанавий равишда ўтказилиб келинмоқда. Ҳафталик доирасида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизларни республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилиши учун турли имкониятлар яратилади.
Хусусан, бу йилги ҳафталик доирасида республикадаги жойлаштириш воситалари томонидан 20 фоизгача чегирмалар жорий этилди. Маданий мерос агентлиги ва “Вақф” хайрия фонди тасарруфидаги зиёратгоҳларга ёшлар 10 фоизлик чегирма билан кириши мумкин.
“Uzbekistan Airways” АЖ томонидан ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари ёшлари учун 2025 йил 26 декабрдан 2026 йил 11 январгача амалга ошириладиган маҳаллий авиақатновларда иқтисодий тоифадаги тарифларда 50 фоизлик чегирма тақдим этилди.
Ҳафталик доирасида ёшларнинг таътилини мазмунли ўтказиш мақсадида республика бўйлаб ўтказиладиган концерт-томоша тадбирлари рўйхати шакллантирилди.
Давлат раҳбарининг “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат театрлари спектаклларига бепул киритилиши белгиланган.
“Ёшлар туризми ҳафталиги”да фаол иштирок этиб, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси