Венесуэладаги зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3,5 минг нафардан ошди, ўн минглаб аҳоли бедарак йўқолган
Июль 07, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 62
КАРАКАС, 7 июль. /“Дунё” АА/. Венесуэлада юз берган кучли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3,5 минг нафардан ошди, ўн минглаб аҳоли эса бедарак йўқолган дея таъкидланмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “NBC News”га таяниб.
Мамлакатнинг бир неча минтақасида вайронагарчиликларга олиб келган қўшалоқ зилзиладан 12 кун ўтиб, қидирув-қутқарув операциялари тирик қолганларни излаш босқичидан вайроналар остидан жасадларни олиб чиқиш босқичига ўтмоқда.
Каракас ва Маракайбо шаҳарларида қурбонлар хотирасига мотам тадбирлари бўлиб ўтди. Аҳоли шамлар ёқиб, ҳамон бедарак йўқолганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдираяпти. Аввалроқ Венесуэла ҳукумати етти кунлик миллий мотам эълон қилган эди.
Расмий маълумотларга кўра, зилзилалар натижасида 850 дан ортиқ бино шикастланган ёки вайрон бўлган. Шу билан бирга, НАСАнинг сунъий йўлдош маълумотлари бутунлай вайрон бўлган объектлар, жумладан, мактаб ва тиббиёт муассасалари сони анча кўп бўлиб, 59 мингтага яқинлашиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
17 мингдан ортиқ киши бошпанасиз қолди. Жабр кўрган ҳудудларда тиклаш ишлари бошланган, бироқ ярадорларнинг кўплиги ва ресурслар танқислиги сабабли мамлакат соғлиқни сақлаш тизими жиддий босим остида қолаяпти.
Қутқарувчилар ва гуманитар ташкилотлар қурбонларнинг якуний сони ортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Эслатиб ўтамиз, АҚШ Геология хизмати тахминларига кўра, оқибатлар кўлами ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш имкониятларидан келиб чиқиб, ҳалок бўлганларнинг умумий сони 10 мингдан 100 минг нафаргача етиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси