Ўзбекистон ва Абу-Даби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузади
Октябрь 31, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 104
АБУ-ДАБИ, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шадиев Абу-Даби қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси (ADAFSA) раҳбарияти билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, агросаноат секторига инвестицияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳамда уларнинг БАА бозорига экспортини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Амирлик томонига Ўзбекистонда соҳани модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерларини ривожлантириш, сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдим этилди. Халқаро сифат ва озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларини жорий этиш, экспортбоп товарлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда логистикани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда, шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳалари, жумладан, “Surxon Agro” замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш ташаббуси ҳам таништирилди.
Музокаралар якунида ADAFSA мутахассислари ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳини тузишга келишилди. Ушбу гуруҳ БАА бозорида талаб юқори бўлган ўзбек қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари турларини аниқлайди, етказиб бериш ҳажмлари ва шартларини ўрганади ҳамда муқобил транспорт-логистика йўналишларини ишлаб чиқади.
Бундан ташқари, ADAFSA кўмагида БААнинг етакчи агросаноат ва озиқ-овқат сектори компаниялари вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режалаштирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси