Самарқанд вилояти ва Бавария Германия стандартлари бўйича туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма марказлар ташкил этади
Апрель 13, 2026. 10:59 • 2 дақ
• 98
САМАРҚАНД, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Бавариянинг Европа ва халқаро ишлар бўйича давлат вазири Эрик Байсвенгер бошчилигидаги Германия делегацияси Самарқандга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев ва Германия вазири ўртасида икки томонлама алоқаларни кенгайтириш бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Эрик Байсвенгер Баварияда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори эканига эътибор қаратди. Шу муносабат билан, музокараларнинг асосий мавзуси немис стандартлари асосида кадрлар тайёрлайдиган қўшма марказларни ташкил этиш бўлди.
Адиз Бобоев бавариялик инвесторларга бизнес ташаббусларини амалга ошириш учун барча зарур инфратузилма ва имтиёзларни тақдим этишга тайёр эканига ишонтирди. Шунингдек, ҳудудлар ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган туризм соҳасидаги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Дастурнинг муҳим қисми “Profi Deutsch” марказига ташриф бўлди. У ерда давлат вазири немис тилини ўқитиш жараёни ва TELC халқаро имтиҳонларининг ўтказилиши билан танишди. Ёшларни тайёрлаш сифатига берилган юқори баҳо янги келишувларга асос бўлди.
Ташриф якунида беш йиллик ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатни Германиянинг “BBW International” ташкилоти, вилоят касбий таълим бошқармаси, “Profi Deutsch” маркази ҳамда Германия–Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик бюроси “DUWK Büro” раҳбарлари имзолади.
Меморандумга кўра, ҳамкорлик меҳмонхона иши, туризм ва гастрономия соҳаларида жаҳон даражасидаги мутахассисларни тайёрлашга қаратилади. Имзоланган ҳужжат нафақат иқтисодий кооперацияни мустаҳкамлашга, балки ўзбекистонлик ёшлар учун халқаро миқёсда касбий ўсишнинг янги имкониятларини очишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси