Тошкент шаҳри навбатдаги халқаро инвестиция форумига мезбонлик қилади
Апрель 13, 2026. 12:15 • 2 дақ
• 81
АЛ-ҚУВАЙТ, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Қувайтнинг нуфузли “Aljarida” электрон порталида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ва Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги халқаро инвестиция форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, 2026 йилнинг 16–19 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти “Инвестиция барқарорлиги: янги имкониятлар ва ҳамкорликлар”шиори остида бешинчи бор Халқаро инвестиция форумига мезбонлик қилади. Ушбу нуфузли тадбир мамлакатнинг минтақадаги етакчи инвестиция маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Нашрнинг ёзишича, форум юқори макроиқтисодий кўрсаткичлар фонида ўтмоқда: 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошган. Экспорт ҳажми эса 33,8 миллиард долларни ташкил этиб, мамлакатнинг суверен рейтинглари изчил яхшиланмоқда.
Форумнинг марказий мавзуларидан бири сифатида 2026 йил март ойида ташкил этилган Тошкент халқаро молиявий маркази (ТХММ) фаолияти тақдим этилади. Мазкур марказ алоҳида ҳуқуқий режим асосида фаолият юритиб, инвесторлар учун 2076 йилгача амал қиладиган солиқ имтиёзлари ва маъмурий тўсиқларсиз бизнес муҳитини кафолатлайди. Шунингдек, тадбир кун тартибида энергетика трансформацияси, “яшил” молиялаштириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш каби стратегик масалалар муҳокама қилинади. Ҳозирги кунда мамлакатда давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар ҳажми 28 миллиард долларга етгани соҳага бўлган юқори қизиқишдан далолат беради.
“Aljarida”нинг қайд этишича, бўлажак форумда Жанубий Корея, АҚШ, Туркия, Хитой ва ШҲТ давлатлари билан кенг кўламли инвестициявий мулоқотлар кутилмоқда. Аввалги форумда 30,5 миллиард долларлик келишувлар имзоланганини инобатга олсак, бу галги анжуман нафақат мулоқот майдони, балки Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатини амалий жиҳатдан рўёбга чиқарувчи асосий воситага айланиши кутилмоқда. Мақола хулосасида айтилишича, Тошкентдаги ушбу форум Марказий Осиёда капитални ҳимоя қилиш ва глобал ноаниқлик шароитида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг янги форматларини шакллантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси