Шайха Носир Ал Новайс: Ўзбекистон ва “БМТ Туризм” ўртасидаги ҳамкорлик аниқ мақсадларга асосланган
Апрель 11, 2026. 10:00 • 4 дақ
• 111
МАДРИД, 11 апрель. /“Дунё” АА/. “Дунё” АА мухбирининг саволларига “БMT Туризм” бош котиби Шайха Носир Ал Новайс жавоб берди.
– Сиз “БMT Туризм” бош котиби лавозимига тайинланган биринчи аёл ва БААдан чиққан илк вакилсиз. Бу сиз учун ва жаҳон туризми учун нимани англатади?
– Бу лаҳзани жуда яхши эслайман. Ар-Риёзда Бош ассамблеяда ўтирганимда исмим эълон қилинди. Бир зумга ҳамма нарса тўхтаб қолгандек бўлди. Кейин эса бу лавозимнинг қанчалик катта масъулият эканини англадим. Бу жуда таъсирли ҳис эди.
Биринчи аёл бўлганим бу воқеага янада катта аҳамият беради. Лекин бу фақат менинг ютуғим эмас. Бу мендан олдинги аёлларнинг меҳнати натижаси. Улар доим жамиятда муҳим роль ўйнаган, ҳатто ҳар доим ҳам етарлича эътироф этилмаган бўлса ҳам.
Мен учун бу нафақат шахсий ютуқ, балки бошқалар учун ҳам йўл очиш масъулиятидир.
Ёшлигимдан саёҳат қилиш ва турли маданиятларни кўриш дунёқарашимни шакллантирган. Бу менга ишинг фақат ўзинг учун эмас, бошқалар учун ҳам фойдали бўлиши кераклигини ўргатган. Туризм ҳам айнан шундай: одамларни боғлайди ва имконият яратади.
– Бугун туризм соҳасида сизга энг катта илҳомни нима беради?
– Мени энг кўп илҳомлантирадиган нарса – туризмнинг инсонларга берадиган имкониятлари.
Кўпчилик туризмни дам олиш, пляжда чўмилиш ёки саёҳат қилиш, деб ўйлайди. Бу ҳам тўғри, лекин туризм бундан анча кенг тушунча. У иш ўринлари яратади, кичик бизнесни қўллаб-қувватлайди, маданиятни ривожлантиради ва жамоаларни шакллантиради, айниқса, бошқа соҳалар етиб бормаган жойларда.
Туризм инсон ҳаётининг кўп жиҳатларига таъсир қилади. Бугунги бўлинган, таҳликали дунёда эса у одамларни бирлаштиришга қодир кучли восита бўлиб қолмоқда.
– Яқин йиллардаги асосий устувор вазифаларингиз нималардан иборат?
– Менинг асосий мақсадим туризмни иқтисодий, ижтимоий ва барқарор жиҳатдан фойдали қилиш.
Бунинг учун: қарорлар қабул қилишда маълумотлар ва бошқарувни яхшилаш, давлатлар, хусусий сектор ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, соҳада ишловчилар ва тизимларни ривожлантириш муҳим.
Энг асосийси, туризм одамлар ва жамиятлар учун ҳақиқатан ҳам фойдали бўлиши керак.
– Келажакда туризм қандай ривожланади, деб ўйлайсиз?
– Туризм аллақачон ўзгаряпти ва бу жараён яна-да тезлашади. Одамлар энди фақат саёҳат қилишни эмас, балки мазмунли ҳордиқ олишни истайди. Улар учун барқарорлик, ҳақиқийлик ва янги ҳис-туйғулар муҳим бўлиб бормоқда.
Шу билан бирга, технологиялар ҳам туризмни ўзгартирмоқда, саёҳатни режалаштиришдан тортиб, бошқаришгача.
Асосий вазифа, ўсиш билан масъулият ўртасида мувозанатни сақлаш. Агар бу уддаланса, туризм янада тез ривожланади.
– Ўзбекистон ва “БМТ Туризм” ўртасидаги ҳамкорликни қандай баҳолайсиз?
– Бугунги кунда Ўзбекистон ва “БМТ Туризм” ўртасидаги ҳамкорлик жуда яхши ривожланмоқда. Энг муҳими, амалий натижалар бермоқда.
Бу борада айниқса, Самарқандда ўтказилган Бош Ассамблея бу йўлда муҳим қадам бўлди. Ундан кейин, Самарқандда халқаро академия очилди, “Ипак йўли” бўйича тематик офис ташкил этилди.
Бу ишлар ҳамкорликнинг узоқ муддатли ва стратегик тус олаётганини кўрсатади.
– Ўзбекистоннинг Глобал хавфсиз туризм кодекси ташаббусига муносабатингиз қандай?
– Бу ташаббус жуда долзарб ва муҳим. Ўзбекистоннинг Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлайман. Президент билан учрашувда ҳам унинг муҳимлиги ва глобал ноаниқлик шароитида унинг кенг тарқалишини тезлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Туризмда энг асосий омил – ишонч. Агар одамлар ўзини хавфсиз ҳис қилса, улар саёҳат қилади. Акс ҳолда эса иккиланади. Шунинг учун бундай кодекс: умумий стандартлар яратишга, хавфсизликни кучайтиришга, инқирозларга яхшироқ тайёргарлик кўришга ёрдам беради.
Энг муҳими, у амалий ва барча учун очиқ бўлиши керак. Агар тўғри амалга оширилса, туризм ривожига катта ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси