Ўзбекистон ва Қозоғистон: глобал таҳдидлар шароитида ишонч ва умумий манфаатлар асосида иттифоқчилик тобора кенгаймоқда
Апрель 11, 2026. 09:10 • 5 дақ
• 85
ТОШКЕНТ, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Бугун Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев амалий ташриф билан Ўзбекистонга келади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги босқичи мисли кўрилмаган суръат ва ҳар томонлама ривожланаётган стратегик шериклик даражасига кўтарилгани билан тавсифланади. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2026 йил 11 апрель куни олий даражадаги норасмий саммит форматида Ўзбекистонга амалий ташрифи икки томонлама алоқалар тақвимидаги муҳим воқеа бўлади.
Ушбу ташриф эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзгарувчан минтақавий ва глобал кун тартиби шароитида ҳамкорликнинг янги уфқларини белгилашга қаратилган. Икки давлатни яқинлаштириш учун нафақат географик яқинлик, балки хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларига ёндашувларнинг умумийлиги ҳам асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса Марказий Осиёнинг икки йирик давлати иттифоқини бутун минтақадаги барқарорликнинг асосий омилига айлантиради.
Замонавий дипломатик муносабатларга 1992 йил 23 ноябрда асос солинган бўлиб, ўтган ўн йиллар давомида томонлар 304 ҳужжатдан иборат салмоқли шартномавий-ҳуқуқий базани шакллантирган. Бу рўйхатда 2021 йилдаги Декларация ва 2022 йилдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, шунингдек, Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги тарихий шартнома алоҳида ўрин тутади. Олий даражадаги икки томонлама сиёсий алоқаларнинг жадаллиги давлат ташрифларининг мунтазамлиги билан яққол тасдиқланади: 2017 йилдан бошлаб мамлакат етакчилари ҳар йили Остона ва Тошкентга кенг кўламли ташрифлар билан алмашадилар.
Расмий протокол тадбирларидан ташқари, давлат раҳбарлари ўртасида шахсий ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи форматлар амалиётга мустаҳкам кириб борди. 2023 йилдан буён Чимкент, Хива ва Олмаотада учта норасмий учрашув ўтказилди, бу етакчиларга энг нозик масалаларни ишончли муҳитда муҳокама қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, амалий ташрифлар формати, жумладан, 2025 йил апрель ойида Самарқанддаги учрашув ёки Ўзбекистон Президентининг ўша йилнинг май ва июнь ойларида Остонага ташрифи каби кўп томонлама саммитларда иштирок этиш доирасида фаол ривожланмоқда. Бундай кўп босқичли коммуникациялар тизими икки қардош мамлакат ва халқнинг стратегик манфаатлари муштараклигини тасдиқлайди.
Сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги мазмун касб этган парламентлараро ҳамкорлик сиёсий мулоқотнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. 2017 йилда икки мамлакат парламентлари юқори палаталари ўртасида ҳамда 2018 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Парламенти Мажлиси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар бунинг учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. 2022 йилда қонунчиликни уйғунлаштириш ва тажриба алмашиш учун самарали майдонга айланган Парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлди.
Муносабатларнинг тизимли хусусияти қўшма институтларнинг ривожланган тармоғи фаолияти билан мустаҳкамланади. Уларнинг энг асосийси 1997 йилдан буён фаолият юритаётган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиядир. 2019 йилдан бошлаб ушбу органнинг мақоми оширилди – энди унинг йиғилишлари икки мамлакат бош вазирлари раислигида ўтказилади. 2025 йил 22–23 октябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган ҲАКнинг 22-йиғилиши иқтисодий режаларни мувофиқлаштириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлди.
Ҳукуматлар билан бир қаторда, Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри горизонтал алоқалар фаол мустаҳкамланмоқда. 2024 йил октябрь ойида Самарқандда тўртинчи шундай форумнинг муваффақиятли ўтказилиши 2026 йилда Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган бешинчи учрашувга тайёргарлик кўриш учун замин яратди. Ушбу механизмлар икки мамлакат ҳудудлари даражасида амалий масалаларни тезкор ҳал этиш имконини беради ва жойларда аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни рағбатлантиради.
Иқтисодий ҳамкорлик глобал беқарорлик шароитида ҳам барқарор ўсишни намойиш этиб, икки томонлама муносабатларнинг локомотиви бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,9 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўпдир. Ижобий динамика 2026 йилда ҳам сақланиб қолмоқда – биргина январь ойида ўзаро савдо ҳажми 31 фоизга ўсиб, 414 миллион долларни ташкил этди.
Ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори инвестициявий фаоллик кўлами билан боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 1200 дан ортиқ корхона, Қозоғистонда эса ўзбек капитали иштирокидаги 4934 та юридик шахс фаолият юритмоқда. Ушбу жараёнларни сифатли қўллаб-қувватлаш учун 2022 йилда Бош вазирлар ўринбосарлари даражасида қўшма лойиҳаларни мониторинг қилиш ва импорт ўрнини босиш бўйича махсус Ҳукуматлараро ишчи гуруҳи тузилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлиги 1994 йил 10 январдаги ҳукуматлараро битим асосида амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб тадбирлар - кўргазмалар, фестиваллар, гастроллар ва форумлар ташкил этилди.
Бугунги кунда бу муносабатларга маънавий яқинлик ва кўп асрлик маданий анъаналар, Ўзбекистон ва Қозоғистонда истиқомат қилаётган қозоқ ва ўзбек диаспораси вакиллари алоҳида чуқурлик бағишламоқда. Ўзбекистонда 803 мингдан ортиқ этник қозоқ, Қозоғистонда эса 624 мингдан ортиқ ўзбек истиқомат қилади. Бу “инсоний кўприк” воқеаларга бой алмашинувларнинг муҳим омилидир.
2023–2025 йилларда Самарқанд ва Бухорода Қозоғистон маданияти кунлари, Ўзбек киноси кунлари, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг Остона ва Олмаотадаги “Лазги” спектакли билан кенг кўламли гастроллари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Санъат, илм-фан ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш нафақат миллий маданиятларни бойитади, балки икки қардош халқнинг ўзаро ҳурмати ва самимий дўстлигига асосланган узоқ муддатли шериклик учун ишончли асос яратади.
Бугунги кунда Тошкент ва Остонани минтақавий хавфсизликнинг бўлинмаслигини чуқур англаш ва бугунги куннинг долзарб муаммоларига ёндашувларнинг ғоят ўхшашлиги бирлаштириб туради. Бухорода бўлиб ўтадиган олий даражадаги Ўзбекистон–Қозоғистон норасмий саммити, шубҳасиз, глобал нотинчлик ҳукм сураётган мураккаб даврда “соатларни тўғрилаш” ва икки томонлама муносабатлар тамойилларининг барқарорлигини таъминлаш, қўшма лойиҳаларга янги суръат бағишлаш, Марказий Осиёни барқарорлик, фаровонлик ва узоқ муддатли яхши қўшничилик маконига айлантириш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси