4 минг йил аввал ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ипакчилик бўлганми?

Август 11, 2026. 12:30 • 2 дақ

74
4 минг йил аввал ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ипакчилик бўлганми?

ТОШКЕНТ, 11 август. /“Дунё” АА/. Олимлар Сурхондарё вилоятида бундан қарийб тўрт минг йил аввал ипакчилик мавжуд бўлганидан далолат берувчи ашёвий далилларни топди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Народное слово” газетасининг ёзишича, қадимги деҳқонлар манзилгоҳи – Сополлитепадан топилган топилмаларни ўрганиш Марказий Осиёда ипак ишлаб чиқариш технологиясининг тарқалиши ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириши мумкин.

Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти мутахассислари халқаро тадқиқотчилар гуруҳи билан ҳамкорликда топилган учта қадимий пилла парчасини ўрганди. Микроморфологик ва протеом таҳлиллари уларнинг хонаки тут ипак қуртига тегишли эканини тасдиқлади.

Шунингдек ўқинг

“Радиоуглерод таҳлили топилмаларнинг милоддан аввалги 1940–1765 йилларга оидлигини кўрсатди. Археологлар ўша маданий қатламдан барглари ипак қурти учун асосий озуқа бўлган тут дарахти қолдиқларини ҳам аниқлади”, –­ деб ёзади газета.

Шу билан бирга, пилла ва тут қолдиқларининг бир жойдан топилиши минтақа аҳолиси бронза давридаёқ ипак ишлаб чиқариш технологиясига эга бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Нашрда қайд этилишича, топилма Буюк ипак йўлининг шаклланган санаси сифатида умумқабул қилинган милоддан аввалги II асрни ўзгартирмайди, бироқ ипак ва тегишли билимлар алмашинуви ушбу савдо тизими пайдо бўлишидан қарийб икки минг йил аввал бошланганини кўрсатади. Ушбу тадқиқот натижалари нуфузли “Science Advances” журналида чоп этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш