Шандор Шеремет: Ўзбекистоннинг минтақавий ташаббуслари Марказий Осиёда ишонч ва барқарорликни мустаҳкамламоқда

Август 11, 2026. 12:00 • 2 дақ

1
Шандор Шеремет: Ўзбекистоннинг минтақавий ташаббуслари Марказий Осиёда ишонч ва барқарорликни мустаҳкамламоқда

БУДАПЕШТ, 11 август. /“Дунё” АА/. Венгрия халқаро муносабатлар институти етакчи илмий ходими Шандор Шеремет мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён мураккаб ва шарафли тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, сўнгги ўн йилликда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакат ривожига янги суръат бағишлаб, унинг иқтисодий салоҳияти, инфратузилмаси ва халқаро ҳамкорлик имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди.

Бугунги кунда мамлакатнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор муҳим аҳамиятга эга. Тошкентнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари нафақат давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамламоқда, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва инвестициявий жозибадорлигини оширмоқда.

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, таълим, илм-фан, маданият ва иқтисодий соҳалардаги алоқалар изчил ривожланмоқда. “Stipendium Hungaricum” дастури доирасида кўплаб ўзбек ёшларининг Венгрия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқаларнинг муҳим кўриниши сифатида баҳоланади.

Шунингдек ўқинг

Келгусида энергетика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, транспорт-логистика ва “яшил” энергетика соҳалари Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига айланиши мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги фаол иштироки ҳам янги имкониятларни юзага келтирмоқда.

Мамлакатнинг барқарор ривожланиш, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларидаги саъй-ҳаракатлари ҳам эътирофга лойиқ. Мамлакатда туризм соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллект ва технологиялардан фойдаланишга асосланган ягона миллий туристик платформани яратиш каби ташаббуслар замонавий тараққиёт талабларига мос келади.

Ўзбекистон яқин 10–15 йилда Марказий Осиёнинг етакчи иқтисодиётларидан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаб, Евроосиёнинг муҳим транспорт-логистика марказларидан бирига айланиш учун барча имкониятларга эга.

Ўзбекистон халқи ва раҳбариятини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Мамлакат аҳлига янги тараққиёт марраларини забт этиш, тинчлик ва фаровонлик, эзгу мақсадлар йўлида куч-ғайрат ва муваффақият тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш