Ўзбекистон дипломатлари Япониянинг Хиросима префектурасида бир қатор учрашувлар ўтказди
Август 11, 2026. 11:00 • 4 дақ
• 7ХИРОСИМА, 11 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари хизмат сафари доирасида Хиросима префектураси раҳбарияти, япон компаниялари ҳамда профессионал футбол клуби вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хиросима префектураси губернатори Мико Ёкота билан бўлиб ўтган учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хиросима ўртасида парламентлараро, иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқалар фаоллашиб бораётгани таъкидланди. Томонлар, айниқса, Хиросима ва Наманган вилояти ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Губернатор Ўзбекистон ёшларини Хиросимада ўтказиладиган Глобал ёшлар форумида иштирок этишга таклиф қилди. Шунингдек, префектура университетлари билан Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Мулоқот давомида ЮНЕСКОнинг маданий мерос объектларини асраш, реставрация қилиш ва бошқариш соҳасида мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Томонлар таълим, ёшлар алмашинуви, маданият, туризм ва бизнес соҳаларида янги қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
“Chugoku Broadcasting” телерадиокомпанияси президенти Ёшими Миясако билан учрашувда жорий йил март ойида эфирга узатилган Ўзбекистон ва Хиросима ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларга бағишланган махсус дастур маҳаллий аҳоли ўртасида катта қизиқиш уйғотгани ва юқори баҳолангани қайд этилди.
Мулоқот давомида Хиросима ва Наманган вилояти телерадиокомпаниялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳам фикр алмашилди. Хусусан, япониялик журналистларнинг Ўзбекистонга танишув сафарларини ташкил этиш ҳамда 2027 йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги доирасида қўшма медиа лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
“Satake” компанияси президенти Кадзухиса Мацумото билан музокаралар чоғида элчихона вакиллари компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари ва замонавий технологиялари билан танишди. Учрашувда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида донни қуритиш, сақлаш, тозалаш ва саралаш технологияларидан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Хоразм вилоятида гуручни қайта ишлаш ва сақлаш бўйича пилот лойиҳаларни ишлаб чиқиш, Японияга экспорт қилинаётган мошни замонавий оптик ускуналар ёрдамида саралаш таклиф этилди.
“Satake” раҳбарияти Ўзбекистон бозори ва мавжуд лойиҳаларни ўрганишга қизиқиш билдирди. Томонлар техник мулоқотни давом эттириш, аниқ лойиҳаларни шакллантириш, шунингдек, сервис хизматлари ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олди.
“Balcom” компанияси ижрочи директори Акира Вада билан учрашувда Япония томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, кадрлар тайёрлаш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Наманган вилоятидаги “Ifoda Agro Kimyo Himoya” корхонаси билан ҳамкорлик, Ўзбекистон ёшларини Японияда касбий тайёрлаш ҳамда “BalcomUz” фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда Хиросима шаҳрида очилган “Uzbekistan Palace” миллий ресторани Японияда Ўзбекистон маданияти ва миллий таомларини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётгани ҳам қайд этилди.
Учрашувда “Balcom” тажрибасидан фойдаланган ҳолда Хиросима префектурасидаги бошқа компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш ҳақида сўз юритилди. Наманган вилояти билан амалий бизнес алоқаларини кенгайтириш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Элчихона вакиллари профессионал футбол клуби “Sanfrecce Hiroshima” президенти Масайоши Кубо билан учрашди. Тадбирда Ўзбекистон ва Япония ўртасида спорт, хусусан, футбол соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳақида суҳбат бўлиб ўтди.
Ўзбекистоннинг “Нефтчи” ва “Sanfrecce Hiroshima” футбол клублари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, ёш футболчиларни тайёрлаш, шунингдек, футбол академиялари ва мураббийлар ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Япония томони ушбу ташаббусга қизиқиш билдириб, уни клубнинг спорт ва академик йўналишлари учун масъул мутахассислар билан биргаликда кўриб чиқишини маълум қилди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш мақсадида икки клуб ва элчихона вакиллари иштирокида онлайн музокаралар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






