Миср матбуоти: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида экологик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Июнь 30, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 49
ҚОҲИРА, 30 июнь /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Sada al-Balad” ААда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги экологик ҳамкорликка бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, иқлим ўзгариши ва экологик хавфсизлик масалалари бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва “яшил” тараққиётни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада халқаро ҳамкорлик, айниқса, Америка Қўшма Штатлари билан алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги экологик мулоқот сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси “C5+1” формати доирасидаги экология ва энергетика масалалари бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида мунтазам иштирок этиб, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида тажриба алмашиш ҳамда янги ташаббусларни илгари суришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон мутахассисларининг АҚШда ўтказилаётган халқаро форумлар, малака ошириш дастурлари ва экологик таълим лойиҳаларида иштирок этиши соҳадаги замонавий билим ва илғор тажрибаларни ўзлаштиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, БМТ Ўрмонлар форуми, АҚШ Геология хизмати билан ҳамкорлик ҳамда “Open World” дастури доирасидаги ташрифлар икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.
Агентликда таъкидланишача, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида илмий ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Тошкентдаги “Green University” ҳамда Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази ўртасида имзоланган меморандум экологик тадқиқотларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. Дунёга машҳур иқтисодчи ва барқарор ривожланиш бўйича эксперт Жеффри Сакснинг Ўзбекистонга ташрифи ҳам мазкур ҳамкорликнинг амалий аҳамиятини янада оширди.
Келгусида ўрмон хўжалигини бошқариш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, қўриқланадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш, экологик шаҳарсозлик ва “яшил” инфратузилма соҳаларида АҚШнинг илғор тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, Беркли, Стэнфорд, Гарвард ва Йель каби нуфузли университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистонда юқори малакали эколог мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган Глобал экологик фонднинг 8-Ассамблеяси ҳамда “Eco Expo Central Asia – 2026” кўргазмаси Ўзбекистоннинг халқаро экологик майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлади. Бундай нуфузли тадбирларда АҚШ вакилларининг фаол иштироки икки давлат ўртасидаги экологик шерикликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги экологик ҳамкорлик алоҳида лойиҳалар билан чекланмай, узоқ муддатли стратегик шериклик сари изчил ривожланмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат икки мамлакатнинг экологик хавфсизлиги ва барқарор тараққиётига, балки бутун Марказий Осиё минтақасида экологик барқарорликни таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси