Ҳиндистон ОАВ «Ўзбекистон – 2030» стратегияси такомиллаштирилаётгани ҳақида сўз юритди
Январ 17, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 88
ДЕҲЛИ, 17 январь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «Sarkaritel» ва «Diplomacy India» ахборот-таҳлилий порталларида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг «“Ўзбекистон – 2030” стратегияси нима учун такомиллаштирилмоқда?» сарлавҳали муаллифлик мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада мамлакатимизнинг бош стратегик ҳужжатини такомиллаштириш фалсафаси, асосий тамойиллари ва амалий механизмлари батафсил ёритилган. Материал Ўзбекистондаги ислоҳотлар моделига бўлган халқаро қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради ҳамда жаҳон аудиториясига «Янги Ўзбекистон»нинг мақсад ва қадриятларини тушунтиришда самарали қадам ҳисобланади.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг қайта кўриб чиқилиши глобал иқтисодиёт, технологиялар ва жамият кутувларидаги жадал ўзгаришларга жавобан давлатнинг зарур ва масъулиятли қадами сифатида тақдим этилган. Бундан кўзланган мақсад — янги шароитда давлат бошқарувининг долзарблиги, мослашувчанлиги ва самарадорлигини таъминлашдир.
Янгиланган ҳужжат асосига Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган концепция қўйилган. Барча ислоҳотлар ва сиёсий қарорлар аҳолининг ҳаёт сифатига, ижтимоий инклюзивликка ва фуқаролар фаровонлигига таъсири нуқтаи назаридан баҳоланади.
Стратегия умумий концепциядан аниқ параметрларга эга бўлган амалий режага айланмоқда. Ҳар бир йўналиш бўйича масъул давлат органи белгиланган. Зарур молиявий ресурслар аниқланиб, шаффофликни таъминлаш ва маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш учун тўлиқ рақамлаштирилган мониторинг тизими жорий этилган.
Фуқаролар миллий ислоҳотлар уларнинг кундалик ҳаётига қандай таъсир қилаётганини — хизматлардан фойдаланиш имкониятлари яхшилангани, иқтисодий имкониятлар яратилгани ва келажак авлодлар учун истиқболлар кенгайганини аниқ ҳис қилишларига алоҳида урғу берилган.
Таъкидланишича, стратегияни янгилаш жараёни фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари ва экспертлар иштирокидаги кенг кўламли жамоатчилик муҳокамалари орқали амалга оширилмоқда. Бу эса ислоҳотларнинг легитимлиги ва барқарорлигини оширади.
Мазкур таҳлилий мақоланинг Ҳиндистон медиа майдонида эълон қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Бу халқаро экспертлар ва ишбилармон доираларга Ўзбекистон тараққиётининг мақсад ва тамойилларини етказишнинг тўғридан-тўғри ва сифатли усулидир. Стратегик режалар ва ёндашувларни халқаро майдонда муҳокама қилишга тайёрлик Ўзбекистоннинг очиқ ва ишончли шерик сифатидаги нуфузини мустаҳкамлайди.
Давлат бошқаруви ва дипломатия масалаларига ихтисослашган нашрларда эълон қилинган ушбу материал икки мамлакат ўртасидаги ўзаро англашув ва стратегик мулоқотни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Элдор Туляковнинг «Sarkaritel» ва «Diplomacy India» порталларидаги мақоласи шунчаки ахборот тақдим қилиш эмас, балки Ўзбекистон тараққиётининг янгиланган фалсафасини дунёга аниқ ва профессионал тарзда тақдим этувчи стратегик коммуникациядир.
Материалда «Янги Ўзбекистон»ни барпо этиш руҳига мос келадиган амалий, натижага ва инсонга йўналтирилган бошқарув моделига ўтиш алоҳида қайд этилган. Бу каби ташаббуслар халқаро майдонда мамлакатимизнинг холис ва ижобий қиёфасини шакллантиришга салмоқли ҳисса қўшади.
https://diplomacyindia.com/uzbekistan-2030-why-the-national-development-strategy-is-being-updated
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси