Ўзбекистон ва Покистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва халқаро ташувларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилмоқда
Январ 16, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 99ТОШКЕНТ, 16 январь. /“Дунё” АА/. 14-15 январь кунлари инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов Ўзбекистон делегацияси таркибида амалий ташриф билан Покистонда бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, ташриф доирасида саноат, инвестиция ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг биринчи куни Покистон Бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси Ҳарун Ахтар Хон билан тор доирада учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, Покистон Саноат ва ишлаб чиқариш вазирлиги биносида қарийб 10 та тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ташкил этилди.
Ташриф давомида чарм саноати бўйича тармоқ уюшмалари раҳбарлари, шунингдек, фармацевтика ва саноат соҳасидаги етакчи компаниялар раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, Покистон Миллий логистика компанияси (NLC) бош директори Шоғайб Аҳмад Хон билан учрашув бўлиб ўтди. Унда халқаро юк ташувларини ривожлантириш, шунингдек, Хунжероб довони орқали Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон транспорт йўналиши бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг иккинчи куни делегация Карачи портига ташриф буюриб, порт инфратузилмасидан транзит йўналишларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашувлар якунида томонлар маслаҳатлашувларни давом эттириш ва қўшма ташаббусларни амалий жиҳатдан чуқур ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



