Logo

“The Gulf Observer”: Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 2030 йилга бориб қарийб 1 миллион донага етказилади

Январ 14, 2026. 10:13 • 2 дақ

237
“The Gulf Observer”: Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 2030 йилга бориб қарийб 1 миллион донага етказилади

ИСЛОМОБОД, 14 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Gulf Observer” электрон нашрида “Ўзбекистон 2030 йилгача енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни кескин оширишни мақсад қилган” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми келгуси беш йил ичида икки баробардан ортиққа ошиши кутилмоқда, – деб ёзади нашр. – Бу мақсад “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қайта кўриб чиқилган лойиҳа версиясида белгилаб қўйилган. Стратегияга кўра, мамлакатда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 2026 йилда 460 минг дона, 2027 йилда 550 минг дона ва 2028 йилда 700 минг донани ташкил этиши режалаштирилган. 2029 йилга келиб ушбу кўрсаткич 800 минг донанинг устига чиқиши, 2030 йилга бориб эса қарийб 1 миллион донага етиши назарда тутилмоқда”.

Манбада хабар қилинишича, 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистонда 419 338 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлиб, ойига ўртача 38 121 донани ташкил этди. Шунга қарамасдан, 11 ойлик кўрсаткичнинг ўзиёқ 2024 йил давомида ишлаб чиқарилган 399 327 дона автомобиль ҳажмидан ошиб кетди.

2025 йилнинг 11 ойи давомида “UzAuto Motors” мамлакат автомобилсозлик саноатидаги энг катта улушни сақлаб қолди, бироқ компания Tracker моделидан ташқари деярли барча моделлар бўйича ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартирди.

“Энг юқори ўсиш кўрсаткичи BYD компаниясида қайд этилди: агар у 2024 йилнинг дастлабки 11 ойида 2 198 та автомобиль ишлаб чиқарган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 17 510 тагача ошди. Натижада, бир йил ичида ишлаб чиқариш ҳажми қарийб саккиз баробарга кўпайди. Шунингдек, Kia, Chery ва Haval компаниялари ҳам ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтирди”, – деб ёзилган “The Gulf Observer” мақоласида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш