Ўзбекистон ва Миср ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Май 14, 2026. 15:55 • 2 дақ
• 14ҚОҲИРА, 14 май. /“Дунё” АА/. Мисрнинг етакчи нашрлари “Al-Youm Al-Sabea” ва “Al-Khabar Al-Youm” саҳифаларида Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳиятига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолаларда ёзилишича, икки давлат ўртасидаги туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистонни мисрлик сайёҳлар орасида оммалаштириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон ва Миср туризм соҳаси вакиллари иштирокида учрашув ўтказилган. Унда асосий эътибор икки мамлакат ўртасида арзон ва қулай авиақатновларни йўлга қўйиш масаласида фикр алмашилган.
Томонлар Тошкент ва Қоҳира ўртасида тўғридан-тўғри ҳамда чартер рейсларини ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилган. Бу чипта нархларини арзонлаштириш ва сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда мисрлик туроператорлар ва туризм мутахассислари мамлакатимизнинг бой тарихий мероси, қадимий ислом цивилизацияси ва маданий яқинлиги туфайли мисрлик сайёҳлар учун жозибадор йўналишга айланаётганини таъкидлаган.
Нашрларда қайд этилишича, “Ўзбекистон сизларни чорлайди” мавзусидаги тарғибот тадбирида мисрлик туристик компаниялар, оммавий ахборот воситалари ва туризм соҳаси вакилларига Ўзбекистоннинг асосий туристик йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби шаҳарларнинг тарихий ва маданий аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Иштирокчилар зиёрат туризми, маданий туризм, қишки дам олиш, таълим туризми каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилган. Шу билан бирга, мисрлик сайёҳлар учун виза тартиб-таомилларини енгиллаштириш ва янги туристик пакетлар ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Маълум қилинишича, яқин ойларда мисрлик блогерлар ва инфлюэнсерлардан иборат гуруҳнинг Ўзбекистонга танишув сафари ташкил этилади. Улар мамлакатнинг туристик имкониятлари билан яқиндан танишиб, уни Миср ахборот маконида кенг тарғиб қилишга ҳисса қўшади.
Мутахассислар фикрича, мазкур ташаббуслар Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш ва икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Қирғизистон нашри: ТДТнинг транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлиги тобора кенгаймоқда





