Қирғизистон нашри: ТДТнинг транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлиги тобора кенгаймоқда
Май 14, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 87
БИШКЕК, 14 май. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Alliance-press” ахборот-таҳлил агентлиги порталида туркий давлатларнинг транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, жаҳон иқтисодиётидаги тезкор ўзгаришлар шароитида транспорт ва логистика оддий инфратузилма тармоғи эмас, балки иқтисодий ва геосиёсий таъсирнинг муҳим воситасига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Евроосиёдаги истиқболли минтақавий ҳамкорлик платформаларидан бири сифатида шаклланиб бормоқда.
Бугунги кунда ТДТга аъзо давлатлар 40 дан ортиқ йўналишда ҳамкорлик қилмоқда. Улар орасида транспорт ва транзит соҳаси етакчи йўналишлардан бирига айланмоқда.
Географик жойлашуви туфайли туркий давлатлар Европа, Марказий Осиё, Хитой, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёни боғловчи йирик транспорт йўлаклари чорраҳасида жойлашган. Бу эса янги Евроосиё логистика тизимининг шаклланишига хизмат қилмоқда.
Нашрда қайд этилишича, сўнгги йилларда ТДТ доирасида транспорт соҳасининг норматив-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди. Хусусан, 2022 йил Самарқанд саммитида халқаро юк ташиш соҳасига оид келишувлар имзоланган. 2026 йилдан эса “e-CMR” тизими жорий қилиниб, транспорт ҳужжатлари электрон шаклга ўтказилмоқда.
2024 йилда Тошкент шаҳрида ТДТ ҳузурида Логистика марказлари ва ташувчилар альянси ташкил этилгани бизнес вакиллари ҳам интеграция жараёнида фаол иштирок этаётганини кўрсатади.
Мақолада “Ўрта коридор” лойиҳасининг аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур йўналиш Хитойни Европа билан Марказий Осиё ва Кавказ орқали боғлайди. 2025 йилга келиб, ушбу коридор орқали юк ташиш ҳажми 5 миллион тоннадан ошган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




