Хитойда ўтган халқаро АКТ танловида Ўзбекистон жамоалари совриндор бўлди

Июнь 08, 2026. 08:55 • 2 дақ

197
Хитойда ўтган халқаро АКТ танловида Ўзбекистон жамоалари совриндор бўлди
Хитойда ўтган халқаро АКТ танловида Ўзбекистон жамоалари совриндор бўлди

ШЭНЬЧЖЭНЬ, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Huawei ICT Competition 2025–2026” халқаро танловининг финал босқичи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Huawei ICT Competition 2025–2026” – жаҳоннинг етакчи олий ўқув юртлари талабалари ва ўқитувчиларини бирлаштирувчи АКТ соҳасидаги йирик халқаро таълим лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Танлов иштирокчиларга касбий билим ва амалий кўникмаларни такомиллаштириш, илғор рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда инновацион ечимларни ишлаб чиқиш имкониятини тақдим этади.

Лойиҳа Хитойнинг миллий талабалар мусобақалари рўйхатига киритилган ва ЮНЕСКО Глобал малакалар академиясининг флагман дастури сифатида тан олинган.

Мусобақалар уч босқичда – миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда ўтказилди. Б угалги мавсумда дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидаги 2 мингдан зиёд олийгоҳдан 210 мингдан ортиқ талаба қатнашди.

Танловда Ўзбекистон шарафини Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети жамоалари ҳимоя қилди.

Иштирокчилар ўндан ортиқ танлов йўналишлари доирасида сунъий интеллект, булутли ҳисоблаш, ва бошқа замонавий рақамли технологияларни қўллаган ҳолда долзарб ижтимоий ва тижорий масалаларнинг технологик ечимларини ишлаб чиқди.

Хитой, Туркия, Швейцария, Чили, Покистон, Миср, Қатар, Нигерия каби 40 дан ортиқ давлатдан 179 та жамоа иштирок этган беллашув якунларига кўра, Ўзбекистон вакиллари юқори натижаларни қайд этди.

Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети жамоаси “Practice Competition – Network Track” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди. Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг бирлашган жамоаси эса “Practice Competition – Cloud Track” йўналишида учинчи ўринни эгаллади.

Қўлга киритилган натижалар ўзбекистонлик мутахассисларнинг ахборот технологиялари соҳасида юқори даражада тайёрлангани ва уларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигининг навбатдаги тасдиғи бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш